17:04 / 21.07.2022
47366

ЙПХ ходимлари қийноғидан вафот этган каттақўрғонлик марҳум солиқчининг яқинлари калтакланди

Суд мажлиси бошланиш арафасида солиқчининг ўлимида айбланган ички ишлар ходимларининг қариндошлари билан марҳумнинг қариндошлари ўртасида жанжал чиққан. Икки киши тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган.

PzPBQrkHsDkdm-HK8YduvSk6h50_g90y.jpg (1562×908)

Каттақўрғон тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Азиз Аҳмедов 2021 йил 10 июн куни йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг зўравонлиги туфайли вафот этганди.

2022 йил 18 июл куни Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида жиноят иши қайта кўриб чиқилиши керак эди. Аммо суд бошланишидан олдин томонлар ўртасида жанжал юзага келган. Бунинг оқибатида Азиз Аҳмедовнинг опаси ва укаси тан жароҳати олган.

Марҳум солиқчининг укаси Аслиддин Аҳмедовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, жанжал ўриндиқ сабабли келиб чиққан.

2022 йилнинг 18 июл куни Навоий вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида марҳум акам Азиз Аҳмедов билан боғлиқ жиноят иши қайта кўриб чиқилиши керак эди. Биз суд залига кирганимизда судланувчилар ва уларнинг қариндошлари ўтиришган экан. Шунда жой масаласида муаммо чиқиб, судланувчи Шаҳбоз Раҳимбердиев амаким Исомиддин Жамолов билан тортишаётганини кўриб қолдим. Уларга яқинлашганимда Шаҳбоз Раҳимбердиевнинг отаси юзимга мушт туширди. Шу тариқа жанжал чиқди, судланувчилар ва уларнинг яқин қариндошлари биргалашиб менга ташланишди. Мени қутқариш учун вазиятга аралашган опам Шоҳида Аҳмедова судланувчи Меҳриддин Қўчқоровнинг мушт тушириши оқибатида ҳушидан кетди”, — дейди Аслиддин Аҳмедов.

Тан жароҳати олган Шоҳида Аҳмедова Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилоят филиалига ётқизилган. Ҳозирда у мазкур шифохонада даволанмоқда.

Беморга бош мия ёпиқ жароҳати ва бош мия чайқалиши дастлабки ташхиси қўйилган.

Навоий вилояти судига кўра, суд залидан ёзиб олинган видеоёзув ҳуқуқий баҳо берилиши учун ИИБга тақдим қилинган. ИИБ эса ҳозирча ҳолат юзасидан расмий маълумот билдирмади.   

Марҳум солиқчи Азиз Аҳмедовнинг ўлими юзасидан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судида кўриб чиқилганди. Суднинг 2021 йил 3 декабрдаги ҳукмига кўра, судланувчилар М.Қўчқоров ва Ш.Раҳимбердиев Жиноят кодексининг 102-моддаси (эҳтиётсизлик орқасидан одам ўлдириш) 1-қисми ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Улар 2 йил ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ҳар бирига 2 йил-у 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.  

Айбланувчи ва жабрланувчи томон суд ҳукмидан норози бўлган ва апелляция берган. Ишни қайта кўриб чиққан Самарқанд вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Кассация шикоятидан кейин Олий суд ҳукмни бекор қилиб, ишни қайта кўриш учун Навоий вилояти судига юборган. 

Top