08:22 / 05.08.2022
30551

Навалний жамоаси Путиннинг собиқ хотини ҳақида фильм чиқарди

Владимир Путиннинг собиқ хотини Людмила ва унинг янги эри Москва мэрияси ва давлат банкларидан миллионлаб рубл олади, шунингдек, Алексей Навалний жамоасининг янги суриштирувига кўра, Европада кўчмас мулкка эгалик қилади.

Фото: ТАСС

Алексей Навалнийнинг сафдошлари Владимир Путиннинг собиқ хотини Людмила ҳақида фильм чиқарди. 44 дақиқалик видео мухолифатчи сиёсатчининг YouTube-каналида 4 август, пайшанба куни жойлаштирилди. Фильмнинг катта қисми Россия президенти собиқ хотинининг даромад манбаларига бағишланган бўлиб, муаллифлар фикрига кўра, улардан асосийси унга шаҳар ҳокимият органлари томонидан берилган Москва марказидаги тарихий уй.

Суриштирув ўтказганларнинг маълумотига кўра, 2000-йилларда Людмила Путина ўзи учун махсус ташкил этилган «Рус тилини ривожлантириш маркази»ни бошқарган. Москва мэрияси ва президент ишларини бошқариш бўлими унга 1774 йилда Кремл яқинидаги Воздвиженка кўчасида қурилган уй ва пойтахт марказидаги ер участкасини ўтказиб берган. Уй қайта таъмирланди, икки қаватли қилиб қурилди ва «Шахслараро алоқаларни ривожлантириш маркази» деб номланди. 

Ҳозирда уни Людмила Путинанинг янги эри Артур Очеретний бошқаради, унинг фамилиясини Россия президенти собиқ хотини 2015 йилда олган. Артур Очеретний 10 миллиард рубллик бинони рафиқасига тегишли «Меридиан» компаниясига ижарага беради, у эса уни «Сбербанк», ВТБ ва бошқа тижорат лойиҳаларига субижарага топширади. Навалнийнинг сафдошлари ҳисоб-китобига кўра, Людмила Очеретная ижарадан йилига 250 млн рублдан ортиқ даромад олади. 

Фильм муаллифларига кўра, «Шахслараро алоқаларни ривожлантириш маркази» Москва мэрияси, «Газпромбанк» ва «Северстал»дан ҳам маблағ олади, бу йилига 415 млн рублга яқин даромад келтиради, уларни Артур Очеретний компанияси «Меридиан»га қарз беради. Бу пулга Артур Очеретний Франция, Швейцария ва Испания жанубида квартира ҳамда уйлар сотиб олади. Суриштирувчилар  хориждаги кўчмас мулкнинг умумий қийматини деярли 600 млн рублга баҳоламоқда. Уларнинг маълумотига кўра, Очеретнийлар, хусусан, Франциянинг Биаррица шаҳрида виллага, Швейцариянинг Давос шаҳрида квартирага ва Испаниянинг Малага шаҳрида иккита квартирага эгалик қилади.

Людмила ва Артур Очеретний ЕИ санкциялар рўйхатига киритилмаган, дея таъкидлайди Навалнийнинг сафдошлари. Буюк Британия май ойида Людмила Очеретнаяга қарши санкциялар киритди. 

Top