Ўзбекистон | 09:17 / 05.08.2022
4759
4 дақиқада ўқилади

"Ўзбекнефтгаз": Бошқарув раиси бошчилигидаги" Ишчи гуруҳ" томонидан "Uzbekistan GTL" заводида нефть маҳсулотлари ва углеводород хомашёларини ишлаб чиқариш ҳолати ўрганилди

“Ўзбекнефтегаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари импорт ўрнини босувчи нефть маҳсулотлари ва углеводород хомашёларининг ишлаб чиқарилиши, маҳсулотни сақлаш, сотиш ҳамда етказиб бериш жараёнлари билан танишиш мақсадида “Uzbekistan GTL” заводида бўлди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ташриф мобайнида, Бошқарув раиси “Uzbekistan GTL” заводи Техник директори Марсель Юрген Краузе ва “Ишчи гуруҳ” аъзолари билан биргаликда GTL заводидаги қурилмаларнинг бугунги иш фаолияти жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Шу билан бир қаторда, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ҳам муҳокама қилинди.

“Uzbekistan GTL” заводида фаолият олиб бораётган хорижлик мутахассис заводнинг ишлаб чиқариш жараёнлари бир маромда давом этаётгани ва бу ўзига хос муваффақият эканлигини таъкидлаб, қурилмаларнинг саноат хавфсизлиги мезон ва қоидаларига қатъий риоя этилаётгани, эксплуатация қилиш, қурилмалардаги асбоб-ускуналарнинг иш фаолияти доимий мониторинг қилинаётгани бўйича ҳисобот ва маълумотлар берди.

Бошқарув раиси томонидан эксплуатация даврини узайтириш учун ўрганишлар олиб бориш ва қурилмаларда фаолият юритаётган ходимларнинг доимий равишда билим ва малакаларини ошириб боришга қаратилган кўрсатмалар берилди.

“Uzbekistan GTL” заводи Бош директорининг биринчи ўринбосари Одилжон Каримов 2022 йилнинг январь-июль ойларида ўтказилган суҳбатлар натижасида Қарши мухандислик иқтисодиёти институтининг 37 нафар, Тошкент давлат техника университетининг 25 нафар, Тошкент кимё технология институтининг 16 нафар ва бошқа олий таълим муассасаларининг 22 нафар битирувчилари танловлар асосида иш билан таъминланганини, уларнинг аллақачон ишлаб чиқариш жаранларига мослашиб кетганини билдирди.

Шундан сўнг, “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан заводда синтетик дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш, сақлаш ҳолатлари ўрганилди ҳамда сотиш ишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ҳам таҳлилий кўриб чиқилди.

Бошқарув раиси GTL дизель ёқилғиси сотилиши бошланганини таъкидлаб, қисқа муддат ичида жами 30 минг тоннага яқин синтетик дизель маҳсулоти Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси савдоси платформаси орқали реализация қилинганини эътироф этди. Қўшимча равишда, нафта маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга доир вазифалар белгилаб берилди.

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва кенгайтириш доирасида 2022 йил 22 июль куни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида синтетик “GTL” нафтасининг биринчи партияси қабул қилинган бўлиб, шунинг учун ҳар ойда 5 минг тонна “GTL” синтетик нафтаси етказиб бериш ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, биринчи навбатда, республиканинг нефть маҳсулотларига бўлган ички эҳтиёжларини қоплаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

“Uzbekistan GTL” заводида мавжуд генераторлардан ишлаб чиқарилаётган электр энергиясидан Шўртан газ кимё мажмуаси технологик жараёнларини ва Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси объектларини, “BATEMAN”, “КМПО” ва “Шимолий Нишон” сиқув компрессор станцияларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасидаги ишлар ҳолати ҳам ўрганилди.

Бундан ташқари, заводнинг ишлаб чиқариш цехлари бошлиқлари ва раҳбар ходимлар иштирокида ишчи йиғилиш ўтказилди ва синтетик ёнилғи маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши узлуксизлигини таъминлаш, истеъмолчиларга ўз вақтида ва сифатли ёнилғи маҳсулотларни етказиб берилиши бўйича зарурий кўрсатмалар берилди.

Заводда фаолият юритаётган ишчи-ходимлар билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг яшаш ва ишлаш учун яратилган шароитлари ўрганилди. Ишчи-ходимларнинг таклифлари бўйича қўшимча имкониятлар яратилиши белгилаб олинди.

Эслатиб ўтамиз, GTL заводида йилига 3,6 млрд метр куб табиий газ қайта ишланиб, 1,5 млн тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид