Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунни имзолади
Давлат ишида ишлаётганларга тадбиркорлик субъектининг таъсисчиси бўлиш, хорижда ҳисобварақ очиш ва кўчмас мулк олиш тақиқланмоқда. Давлат хизмачилари даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларация беришлари керак.
Ижро ҳокимияти тизимида ишлаётган 118 мингдан ортиқ ходим ва амалдорга тааллуқли “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди.
Қонун билан давлат органларида фуқаролик хизматини ўташ тартиби, соҳадаги давлат бошқаруви, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми белгиланди.
Давлат хизматчиси ўз раҳбари ноқонуний топшириқ ва талабларини бажаришдан бош тортиш, коррупция ҳақида хабар берганда давлат ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Коррупцион жиноятда айбдор деб топилган шахслар энди давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.
Давлат хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши, уларнинг муассиси бўлиши, Ўзбекистондан ташқарида ҳисобварақлар очиши, чет элда кўчмас мулк олиши тақиқланади. Давлат хизматчиси даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларация бериши керак.
Президент томонидан тасдиқланадиган давлат фуқаролик хизмати лавозимлари реестри Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан юритилади. Давлат хизматига давлат тилини биладиган, тегишли малака талабларига жавоб берадиган Ўзбекистон фуқаролари қабул қилинади.
Давлат хизматчилари учун 5 кунлик иш ҳафтаси ва ҳафтасига 40 соатдан ошмайдиган иш давомийлиги белгиланади. Давлат хизматчиларига ҳақ тўлаш қуйидагилардан иборат: базавий лавозим маоши; кўп йиллик хизмати учун қўшимча тўлов; малака даражаси учун қўшимча тўлов; энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларга эришганлик учун устама; ҳисобот даври якунлари бўйича рағбатлантирувчи тўловлар.
Давлат хизматчиларига ҳайфсан, жарима, ишдан бўшатиш билан бир қаторда малака даражасини пасайтириш ва лавозимини пасайтириш тарзидаги интизомий жазолар ҳам қўлланилади. Давлат хизматчиларига 27 кундан кам бўлмаган йиллик асосий таътил берилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Мавзуга оид
08:30 / 07.12.2025
Сомсахоналарда рейд, инверсиянинг тугаши ва мундиалдаги рақиблар — ҳафта дайжести
16:16 / 13.11.2025
«Ўйнашингга ишониб, эрсиз қоласан» — Сирдарё туман солиқ бошлиғи ходимларини ҳақоратлади
18:38 / 28.04.2025
Номоддий маданий мерос намуналарини рўйхатга киритиш билан боғлиқ регламент тасдиқланди
21:10 / 12.04.2025