12:04 / 09.08.2022
6652

Ўзбекистонда «Оқила аёллар» ҳаракати ташкил этилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Вазирлар Маҳкамасининг “Оқила аёллар” ҳаракати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳаракат асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • жамиятда янги маънавий макон яратиш, эзгу ғоялар, миллий қадриятлар, урф-одатлар, муқаддас анъаналарни сингдиришга қаратилган тизимли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш;
  • маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида ота-она масъулияти, ибратли ота-она бўлиш аҳамияти, маърифатли жамиятни қуришда маърифатли оналар ролини кенг тарғиб қилиш;
  • аёллар, айниқса, ёш қизларда оилага ва ватанга садоқат, фидойилик, ташаббускорлик туйғуларини сингдириш, “одобли қиз” ва “маърифатли она” қиёфасини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • фарзанд, айниқса, қизлар тарбияси, оила, оналар маънавиятини юксалтириш, оилаларда китобхонлик, мутолаа маданиятини тарғиб этиш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни шакллантириш, оила тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
  • ёшлар ўртасида оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларга нисбатан ҳурмат руҳида бўлиш масалаларини ҳамда “Оила - муқаддас” тушунчасини кенг тарғиб қилиш;
  • хотин-қизларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, уларга қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқчил тилда тушунтириш.

Ҳаракат, қоида тариқасида, қўмитада - 50 нафар, Қорақалпоғистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаларида - 35-40 нафардан, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларида - 30 нафардан фаол ва ташаббускор аёллардан иборат таркибда шакллантирилади.

Ҳаракат ва унинг бошланғич гуруҳлари таркибига киритилган фаол ва ташаббускор аёллар ҳаракат томонидан “Маърифат” тарғиботчилар жамияти билан ҳамкорликда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, фарзанд тарбияси, оила ва хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш йўналишида амалга оширган ишлари натижадорлигига кўра жисмоний ва юридик шахслар ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан рағбатлантириб борилади.

Фаол ва ташаббускор аёллар фаолияти натижалари бўйича тегишлича қўмита раиси, Қорақалпоғистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари тавсиясига асосан давлат мукофотлари, “Мўътабар аёл”, “Маҳалла ифтихори”, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ва бошқа эсдалик, кўкрак нишонлари, идоравий мукофотларга тавсия этилиши, санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар берилиши мумкин.

Top