Жаҳон | 16:48 / 13.08.2022
22164
5 дақиқада ўқилади

Сеулда инсонлар ҳалок бўлгани туфайли «паразит-квартиралар» тақиқланиши мумкин

Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида яримертўла хоналарда истиқомат қилаётганларни (бундай одамлар «Оскар» мукофотига сазовор бўлган «Паразитлар» филмида тасвирланган) кўчириш бошланди. Сеулда юз берган сув тошқини чоғида бундай квартиралардан бирида бутун бир оила нобуд бўлган.

Сеулдаги яримертўла квартиралардан бири тошқиндан сўнг. 2022 йилнинг 11 августи. Фото: Anthony Wallace / AFP / Scanpix / LETA

Жанубий Кореяда 8 август куни сўнгги 100 йилда энг кучли ёмғирлар ёғиб ўтди. Мамлакат пойтахти Сеул шаҳрида минглаб уйлар, кўчалар, метро станциялари сувга кўмилди, юзлаб инсонлар ўзлари яшаб турган уйларни тарк этишга мажбур бўлишди.

Сеул сўнгги 80 йил ичида бундай сув тошқинини кўрмаган эди. Фото: Chine Nouvelle / SIPA / Scanpix / LETA

Сув тошқини оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, уларнинг орасида яримертўлада истиқомат қилаётган бутун бир оила ҳам бор. Вафот этганлар — 13 ёшли қиз, унинг 40 ёшлар атрофидаги онаси ва холаси. Квартирага сув шиддат билан оқиб кириши натижасида улар эшикни оча олишмаган. The New York Times’нинг ёзишича, аёллар қўшниларини ёрдамга чақиришган, аммо қўшнилар ташқи деразага ўрнатилган панжарани қўпориб олишолмаган. The Guardian нашрининг қайд этишича, қутқарувчилар ҳам уларга ёрдам бера олишмаган, аёлларнинг жонсиз жасадлари фақат ертўладаги сув тўлиқ сўриб олинганидан сўнг ташқарига чиқарилган.

Воқеа юз берган жойга Жанубий Корея президенти Юн Сук-Ёл келган. Фото: CNN

Бутун бир оила нобуд бўлган квартирага Жанубий Корея президенти Юн Сук-Ёл келган. «Мен нега инсонлар ўзини эртароқ қутқаришга ҳаракат қилмаганидан таажжубдаман», деган у. Гувоҳларнинг айтишича, квартира жуда қисқа муддат ичида — 10–15 дақиқа ичида сувга тўлган.

The Washington Post нашрининг хабар беришича, бу ягона ҳолат эмас. Сеулда истиқомат қилувчи бошқа одамлар ҳам сув тошқини чоғида ўзининг яримертўла квартирасида қамалиб қолган. Улардан аксарияти қутулиб чиқишга муваффақ бўлган, лекин камида яна бир киши ҳалок бўлгани ҳақида маълумот бор.

The New York Times нашрининг қайд этишича, Сеулдаги уйларнинг яримертўласида истиқомат қилувчилар ҳар йили ёмғирлар мавсумида уйлари атрофига қум солинган қоплардан дамба ясашади. Лекин бу марта ҳеч ким тайёргарлик кўришга улгурмаган, чунки ҳукумат сув тошқини ҳақида соат 21:24 да огоҳлантирган. Журналистларнинг қайд этишларича, ҳалок бўлган оила соат 20:40 даёқ ёрдамга чақирган.

«Паразитлар» фильмидан кадр.

Сеулдаги «банжиха» деб аталувчи бундай яримертўладаги квартиралар арзонлиги туфайли ёш ва кам таъминланган оилалар ўртасида машҳур. BBC News’нинг қайд этишича, 2020 йил ҳисобига Сеулда 200 мингдан ортиқ бундай квартиралар бўлган, бу эса мамлакат пойтахти уй-жой фондининг 5 фоизини ташкил этади. Шундай квартирада яшовчи оила ҳақида 2019 йилда «Оскар» мукофотига сазовор бўлган «Паразитлар» фильмида ҳикоя қилинади.

Унчалик катта бўлмаган, истиқомат қилиш учун кўп ҳам яроқли бўлмаган яримертўла хоналар 1970 йилда КХДР ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар таранглашган чоғда қурила бошланган. Зиддият кучайишидан хавфсираган Жанубий Корея ҳукумати қурилиш меъёрларига ўзгартиришлар киритиб, кам қаватли уйларда фавқулодда вазиятларда бошпана вазифасини ўташи учун ертўлалар қуриш талабини қўйишган. Аввалига бундай ертўлаларни ижарага бериш тақиқланган, бироқ 1980-йиллардаги уй-жой инқирози чоғида яримертўлалардан турар жой сифатида фойдаланишга изн берилган.

«Банжиха» — талабалар учун энг арзон ётоқ ҳисобланади. Фото: BBC

«Қоронғилиги, захлиги ва ифлослигига қарамасдан, бу мен топишга муваффақ бўлган энг арзон вариант бўлди. Мен бу ерда инсон яшаши мумкин эмаслигига қўшиламан, лекин бизда бошқа вариантнинг ўзи йўқ-ку?» — деган The Washington Post’га Сеулда яшовчи талабалардан бири.

Сув босган ертўлада инсонлар вафот этгач Сеул ҳокимияти 10–20 йил ичида ертўла ва яримертўла хоналарни уй-жой фондидан чиқаришни ваъда қилишди. Ҳукумат истиқомат қилувчиларнинг бошқа уйга кўчишида ёрдам беради, бундай квартираларнинг эгалари эса уларни нотурар жой қилиб расмийлаштиришади.

Мавзуга оид