10:59 / 17.08.2022
3661

Лицейларга кириш тест синовини ўтказиш тартиби маълум қилинди

Академик лицейларга кириш тест синовлари 2022 йил 22 август куни Давлат тест маркази томонидан махсус белгиланган ҳудудларда ўтказилади.

Олий таълим вазирлиги хабарига кўра, тест синовлари бир сменада ўтказилиб, соат 8:00 бошланади.

Академик лицейларда 1-босқич дастлабки ёзма имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар қуйидаги тартибда тест синовларига кириш рухсатномасини:

litsey.edu.uz сайтидаги шахсий кабинетига ўзининг логин ва пароли билан кирган ҳолда юклаб олиши;

ҳужжат топширган академик лицейдан ҳам бевосита бориб олиши мумкин.

Тест синовлари таълим йўналишига мос 2 та фан ва интеллектуал қобилият даражаси (IQ)ни аниқлаш бўйича ўтказилади.

Бунда талабгорларга ҳар бир фандан 20 тадан жами 60 та тест топшириғи ва уларни бажариш учун жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга, 110 дақиқа вақт ажратилади.

Тест синовларида тўплаш мумкин бўлган максимал балл – 146 балл бўлиб, таълим йўналишига мос фанлар бўйича ҳар бир тўғри жавоб учун 3,1 баллдан (жами 124 балл), интеллектуал қобилият даражаси (IQ)ни аниқлаш бўйича эса 1,1 баллдан (жами 22 балл) берилади.

Талабгорлардан тест синови ўтказиладиган ҳудудга белгиланган вақтдан камида 1 соат олдин шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва тест синовида иштирок этиш учун рухсатнома билан келиш сўралган.

Top