Парвоз қил! Биз ёрдам берамиз
Олим Хасанов номидаги хайрия фонди Ўзбекистоннинг исталган олийгоҳида таҳсил олиш учун грант олишга аризалар қабул қилишда давом этади.
Олим Хасанов номидаги хайрия фондига 2021 йилда ўз даврининг етакчиларидан бири бўлган истеъдодли инсон – EASYBOOKING компанияси ҳамтаъсисчиларидан бири хотирасига бағишлаб, Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшларининг муносиб олий таълимни қўлга киритишларида ёрдам бериш мақсадида асос солинди.
Ишончимиз комилки, ҳар бир истеъдодли инсон оиласининг моддий жиҳатдан фаровонлиги ёки ижтимоий мавқеидан қатъий назар, муносиб таълим олиш ва ривожланиш ҳуқуқига эга – ва бу ўз навбатида, жамиятимизни яхши томонга ўзгартириш гаровидир.
Айнан шу сабабли, биз танлов шартларидан муваффақиятли ўтган талабаларга Ўзбекистондаги исталган ОТМда таҳсил олишлари учун шартнома тўловини тўлаган ҳолда индивидуал молиявий кўмак кўрсатамиз.
Агар сен ўқишни орзу қилсанг, бироқ молиявий томондан имкониятинг етмаса – EASYBOOKING компанияси ва Олим Хасанов номидаги хайрия фонди сенинг орзуларингни рўёбга чиқаришга тайёр!
Жорий йилда биз мамлакатимизнинг 10 нафар энг истеъдодли талабаларини танлаб оламиз. Дастурда иштирок этиш учун аризаларни 2022 йилнинг 31 августига қадар топшириш мумкин.
Дастурнинг асосий шартлари:
1. Танловда Ўзбекистондаги исталган олий ўқув юртида, исталган тилда пуллик тўлов шартномаси асосида ўқиётган 1-4 курс талабалари иштирок этиши мумкин.
2. Фонд аввалги ҳар бир семестрда академик фанлар бўйича талабанинг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 85 фоиздан ортиғини ташкил этиши шарти билан олийгоҳдаги таълимга қолган барча муддат учун тўловни тўлаб беради.
3. Таълимни муваффақиятли тамомлагандан сўнг, Олим Хасанов номидаги фонд мазкур дастур иштирокчиларини EASYBOOKING компанияси жамоасига ишга қабул қилинишини кафолатлайди.
Танлов бир неча босқичларда ўтказилади:
I босқич – аризаларни foundation@olimkhasanov.uz электрон манзили орқали қабул қилиш.
Ариза қуйидагилардан иборат бўлиши керак:
- номзод сўровномаси (CV);
- аввалги ўқиш маълумотини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (ўртача балл 4,5 ёки 85 фоиздан юқори);
- мотивация хати.
II босқич – Тест синови (30 финалистни танлаб олиш)
III босқич – Танлов комиссияси аъзолари билан оғзаки интервью (танловнинг 10 ғолибини аниқлаш).
Танловнинг якуний натижалари 2022 йилнинг 1 октябрь санасида эълон қилинади.