18:26 / 24.08.2022
17687

Самарқандлик 17 ёшли ўсмир Telegram’да сохта акция ўтказиб, 28 кишининг банк картасидаги пулларни ечиб олди

Нарпайлик йигит ўз “қурбонлари”га улар гўёки “Samsung А-72” телефонини ютиб олганини айтиб, карта маълумотлари ва телефонига келган SMS'даги кодни сўраган. Эслатиб ўтамиз, банк карталаридаги пулларнинг ўғирланиши деярли барча ҳолатларда телефонга SMS бўлиб келган кодни бегонага айтиш ортидан рўй беради.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Самарқандда 17 ёшли ўсмир Telegram мессенжерида сохта акция ўтказиб, одамларнинг банк картасидаги пулларни ўғирлади.

ИИВ Киберхавфсизлик марказининг хабар беришича, Сурхондарё вилояти Бандихон туманида яшовчи фуқаро ИИБга ариза билан мурожаат қилган. У аризасида Telegram мессенжери орқали “Техномарт Акция” номли профил эгаси “Samsung  А-72” русумли телефон аппаратини ютиб олдингиз деб, фирибгарлик йўли билан “Ҳумо” банк картасида бўлган 1,5 миллион сўмни ечиб олганини билдирган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида сурхондарёлик фуқаронинг банк картасидан фирибгарлик йўли билан пулларни ечиб олган шахс Самарқанд вилояти, Нарпай туманида яшовчи, 2005 йилда туғилган, вояга етмаган С.У. экани аниқланган.

Суриштирув давомида, С.У. сурхондарёлик фуқародан ташқари яна 27 нафар фуқаронинг банк картасидаги пулларни ўзлаштириб олгани фош этилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top