07:25 / 27.08.2022
11134

Ўзбекистонда автомобилларни ижарага беришда фирибгарликлар ортгани маълум бўлди

Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Getty Images

Қайд этилишича, ҳозирда республикада 700 дан ортиқ юридик шахслар енгил автомобилларни ижарага ёки лизингга берувчи субъект сифатида давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, 2021 йилда ушбу субъектлар томонидан жами қиймати 1 трлн сўмдан ортиқ бўлган 2 мингдан ортиқ битим тузилган.

Мазкур субъектлар томонидан реализация қилинган маҳсулотлар қиймати жами лизинг ташкилотлари томонидан реализация қилинган маҳсулотлар қарийб 20 фоиз қисмини ташкил этади.

Бироқ, таҳлиллар натижаси автомобилларни ижарага ёки лизингга беришда фирибгарлик жиноятларини содир этиш ҳолатлари сони ортганини кўрсатмоқда. Олий суд тақдим этган маълумотларга асосан, автомобилларни ижарага ёки лизингга беришдаги фирибгарлик жинояти бўйича 2020 йилда 10 шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилган бўлса, 2021 йилга келиб ушбу кўрсаткич 2 баравар ортиб 22 тани ташкил этган.

Жиноятлар натижасида фуқароларга етказилган зарар 2020 йилда 8,2 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йилда ушбу кўрсаткич қарийб 9 баравар ортиб 69,3 млрд сўмга етган. Жиноят натижасида жабр кўрганлар сони 16 бараварга ортиб, 16 805 тани ташкил этган.

Янги ҳужжат лойиҳасига кўра, кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномаси аниқ таърифи ва унинг ўзига хос хусусиятлари белгиланмоқда.

Кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномаси ёки лизинг шартномаси тузилган вақтдан эътиборан шартнома объекти лизинг (ижара)га олувчи фойдасига қонуний гаров сифатида рўйхатга олиниши назарда тутилмоқда. 

Ундирувни кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш ва лизинг шартномаси объектига қаратиш ўзига хос жиҳатлари белгиланмоқда.

Кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш шартномаси ёки лизинг шартномаси тузилганидан кейин шартнома объектини тасарруф этиш билан боғлиқ шартномалар тузиш тақиқланмоқда.

Лойиҳа қабул қилиниши натижасида, кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага ёки лизингга бериш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар такомиллаштирилади, автотранспорт воситаларини ижарага ёки лизингга беришдаги фирибгарлик жиноятлари олди олинади, ижара ёки лизингга олувчилар мулк ҳуқуқлари кафолатлари таъминланади.

Top