Авто | 16:32
2361
2 дақиқада ўқилади

Автомобил бозори. Нархлар қандай ўзгаряпти?

Ўзбекистон автомобил бозорида электромобиллар таклифи ошиб боряпти. Сўнгги 6 ойликда Lacetti ва Cobalt баҳоси ойлик нисбатда ё ўзгармаган ёки арзонлашган. Malibu ва Tracker нархларида эса беқарорлик кузатиляпти.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан иккиламчи бозордаги автомобиллар нархларининг ўзгариши таҳлил қилинди.

Қайд этилишича, 2024 йил июн ойида жами таклифларда электромобиллар улуши 5,4 фоиз бўлган бўлса, 2026 йил апрелида бу кўрсаткич 10 фоизга етди. Маҳаллий автомобиллар улуши эса 53,7 фоиздан 47 фоизгача қисқарган.

Умуман олганда, апрел ойида таклифлар сони март ойига нисбатан камайди. Тозаланган маълумотлар бўйича жами эълонлар сони 13,5 мингтани ташкил этди. Бу март ойига нисбатан 18,6 фоиз кам, бироқ ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 59,6 фоиз кўп.

Маҳаллий оммабоп автомобиллар нархлари барқарор тарзда сақланиб қоляпти. Кам ҳайдалган Cobalt медиан нархи 12 900 доллар атрофида ўзгармаган, Оnix эса 14 800 долларгача қимматлашган. Шу билан бирга, айрим Damas, Labo ва Nexia моделларида пасайиш кузатилган.

Хорижий автомобиллар сегментида эса нарх динамикаси ҳар хил шаклланган. Кам фойдаланилган айрим Chery  ва Kia моделларида пасайиш кузатилган бўлса, кўп ва ўртача фойдаланилган люкс сегментдаги Karnival ҳамда Sorento моделлари қимматлашган.

Электромобиллар сегментида BYD Seagull нархи 15,5-16 минг доллар, Yuan Up нархи 20-21,5 минг доллар, Chazor нархи эса 20,5-22 минг доллар атрофида шаклланган.

Сўнгги 6 ойлик даврни оладиган бўлсак, Lacetti ва Cobalt баҳоси ойлик нисбатда ё ўзгармаган ёки арзонлашган. Malibu ва Tracker нархларида эса беқарорлик кузатиляпти.

Таҳлил OLX платформасидаги очиқ эълонлар асосида тайёрланган. 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид