18:55 / 27.08.2022
11278

UzAuto Озарбойжон билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда

2022 йилнинг 26 августида Озарбойжоннинг Боку шаҳрида «Ўзавтосаноат» АЖ бошқарув раиси Шавкат Умрзоқов, Озарбойжон Республикаси Иқтисодиёт вазири ўринбосари Сомед Башерли ҳамда «GM International» глобал харидлар ва таъминот занжири вице-президенти Жонни Солдана ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Фото: UzAuto

Кун тартибида автомобилсозлик соҳасидаги Ўзбекистон-Озарбойжон ҳамкорлигининг бугунги кундаги ҳолати ва уни кейинчалик янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонларнинг чиқишларида Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасидаги олий даражадаги яқин ва ишончли мулоқотга асосланган дўстона ва шериклик муносабатларини ривожлантириш динамикасига юқори баҳо берилди. Жорий йил июнь ойида Озарбойжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга Давлат ташрифи давлатлараро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшимча туртки бергани алоҳида қайд этилди.

Фото: UzAuto

Хусусан, Озарбойжонда автомобилларнинг чуқур локализациясини ўрганиш бўйича «Ўзавтосаноат» АЖ ва Озарбойжон Республикаси автомобиль ишлаб чиқарувчилари Ассоциацияси ўртасида шартнома имзоланди. Озарбойжонда UzAuto автомобилларини йирик узелли йиғиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича томонларнинг муваффақиятли ҳамкорлиги натижасида жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажми 12 баравар ошди. Ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши табиийки чуқур локализация билан замонавий юқори технологияли тўлиқ циклли (CКД) метод бўйича автомобиль ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришга ўзаро қизиқишга олиб келди.

Томонлар автомобилсозлик соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликка тўхталар экан, ушбу йўналишдаги ижобий трендларни мамнуният билан қайд этишди. 2021 йил сентябрь ойида Озарбjйжоннинг Ҳажигабул шаҳрида фойдаланишга топширилган «UzAuto Motors» АЖ ва «SamAvto» МЧЖ ҚК ишлаб чиқариш линияси фаолиятидаги ютуқларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Шу билан бирга, автомобилсозлик соҳасида амалга оширилмаган мавжуд салоҳият ҳақида умумий фикр билдирилди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ички бозорда сотишдан ташқари, 2020 йилда Озарбjйжоннинг Туркия билан имзоланган эркин савдо шартномаси UzAuto'га Озарбойжонлик шериклари билан биргаликда Туркия бозорига автомобиль экспортини йўлга қўйиш имконини беради.

Реклама

Top