13:04 / 31.08.2022
16014

ДХХ Зангиота тумани ҳокимлиги ходимини қўлга олди

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокимлиги ходимини қўлга олди. Бу ҳақда ДХХ тақдим этган маълумотда айтилган.

Зангиота тумани ҳокимлиги ходими 2 нафар фуқарони Қирғизистондаги олий ўқув юртида ўқишлари ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлаб, сўнгра уларнинг ўқишларини пойтахт олийгоҳларидан бири 2-босқичига кўчириб бериш эвазига 18 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Хорижий давлатлардаги ОТМга ўқишга киришга кўмаклашиш билан шуғулланувчи, Тошкент шаҳридаги МЧЖ раҳбари Қозоғистон фуқароси билан келишган ҳолда 2 нафар фуқаро ишончига кириб, уларнинг Қозоғистондаги олийгоҳлардан бири 1-босқичини тамомлагани ҳақидаги ҳужжатни тайёрлаб бериш эвазига ҳар биридан 15 млн сўмдан пул талаб қилган.

У МЧЖ ҳисоб рақамига умумий 9 млн сўм, Қозоғистон фуқароси номига 1900 АҚШ доллари ўтказилгани тўғрисида 4 дона квитанцияни қабул қилиб олган вақтида, ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва ИЖҚК департаменти шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ушланди.

ДХХ ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган яна бир тезкор тадбирда пойтахтдаги нуфузли олийгоҳлардан бирининг 3-босқич талабаси 2 нафар фуқародан 2 минг АҚШ доллари олган вақтда ушланди.

Маълум бўлишича, у Қозоғистон олийгоҳларидан бири 2-босқичини тамомлагани ҳақида сохта ҳужжат олиб бериб, мазкур ҳужжат орқали Тошкент шаҳридаги хусусий университет 2-босқичига ўқишга киритиб қўйишини ваъда қилган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top