07:23 / 03.09.2022
7258

Сентябр учун пенсиялар олдин тўлаб берилганига изоҳ тақдим этилди

Ижтимоий тармоқларда бош вазирнинг сентябр ойи учун пенсия ва нафақаларни муддатидан олдин тўлаб бериш юзасидан топшириғи ижроси нотўғри талқин қилинаётган ҳолатлар кузатилмоқда.

Фото: Kun.uz

Пенсия жамғармасига кўра, Вазирлар Маҳкамаси тегишли топшириғига асосан пенсия ва нафақа олувчиларга мустақиллик байрами олди кўтаринки кайфият улашиш мақсадида муддатидан аввал маблағларни пластик карталарга юклаб бериш топширилган.

Мазкур топшириқ ижроси бўйича етарли маблағлар 2022 йил 1 сентябрга қадар тижорат банкларнинг ҳисобварақларига молиялаштириб берилган. Жамғарма туман (шаҳар) бўлимлари томонидан жорий йил сентябрь учун 4,2 млн нафар фуқарога пенсия ва нафақа тўлови қайдномалари 30 августга қадар тўлиқ шакллантириб, ахборот тизимлари орқали АТ “Халқ банки” ва тегишли тижорат банкларига етказилган.

Жорий йил 2 сентябр ҳолатига пенсия ва нафақа тўлови учун жами талаб этилган 4 298,6 млрд сўм маблағдан 3 881,2 млрд сўм (ёки 90 фоиз) молиялаштириб берилган. Нақд пулда олувчилар учун 1 831,9  млрд сўм (ёки  ойлик талаб 81  фоизи) АТ “Халқ банки”га ҳамда банк пластик карталари орқали олувчиларга тўлиқ миқдорда 2 049,3 млрд сўм (ёки 100 фоиз) тижорат банкларига молиялаштирилиб, пенсия ва нафақа олувчилар банк пластик карталарига тўлиқ юклаб берилган.

Президент тегишли фармонига асосан мустақиллик байрамида кетма-кет 4 кун дам олиш белгилангани муносабати билан АТ “Халқ банки” томонидан сентябрь ойида нақд пулда пенсия ва нафақа олувчилар учун тўловлар жорий йил 5 сентябр санасидан амалга оширилиши маълум қилинган.

Top