Жаҳон | 15:56 / 10.09.2022
20092
3 дақиқада ўқилади

Украина Купянскни ҳам қайтиб олди. Бу Харкивдаги энг йирик шаҳарлардан бири

Харкив йўналишида катта куч билан қарши ҳужумга ўтган Украина армияси вилоятдаги энг йирик учинчи шаҳар бўлмиш Купянскни қайтиб олгани ҳақида қатор нашрлар ёзмоқда. Украина аскарлари Купянск марказида Украина байроғини ўрнатишгани тасвирланган суратлар тарқалди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Аввалроқ украин ҳарбийлари тонг саҳарда Купянскка киргани акс этган видеолар ҳам тарқалганди. Урушни фаол ёритаётган рус Telegram-каналлари воқеа жойидаги манбаларига асосланиб ёзишича, Россия армияси стратегик муҳим бўлган Харкивдаги яна бир йирик шаҳар Изюмдан ҳам чекинишни бошлаган. Баъзи каналлар шаҳар Украина аскарлари томонидан эгалланганини ёзмоқда.

Купянск фронтдаги стратегик аҳамиятга эга шаҳар ҳисобланиб, Изюм йўналишидаги рус аскарлари таъминоти айнан шу шаҳардан амалга оширилар эди. Купянскнинг қўлдан бой берилиши шундоғам деярли қамалда қолган рус аскарларининг вазиятини оғирлаштиради. Рус ҳарбий блогерларининг ёзишича, таъминот маркази бўлган Купянск бой берилган ҳолатда Изюмни сақлаб қолиш деярли имконсиз. Хусусан, «ДХР» собиқ мудофаа вазири Игор Стрелковнинг ёзишича, рус аскарлари Изюмни тарк этган. Стрелков-Гиркин бу қарорни стратегик тўғри деб баҳолаган, унинг фикрича, шаҳар тўлиқ ўраб олинса, йўқотиш янада катта бўларди.

Украина аскарлари Донецк вилоятининг Харкив билан чегарадаги Лиман шаҳрига ҳам киргани, у ерда кескин жанглар кетаётгани борасида хабарлар ҳам тарқалди. «Рыбарь» Telegram-каналининг ёзишича, Лимандан Россия ФВВ, ИИВ ва Росгвардия бўлинмалари олиб чиқиб кетилган.

Украина Мудофаа вазирлиги Купянск, Изюм ва Лиман йўналишидаги жанглар ҳақида ҳозирча маълумот бергани йўқ. Аввалроқ катта қарши ҳужумга тайёрланаётган Украина Мудофаа вазирлиги «Уруш тинчликни ёқтириши» ҳақида баёнот берган ва ОАВдан ҳам Украина аскарларининг қарши ҳужумлари ҳақида ҳар хил маълумот тарқатмасликни сўраганди. 9 сентябр куни Украина етакчиси Володимир Зеленский ҳар кунлик миллатга мурожаатида мамлакат армияси Харкивда камида 30 та аҳоли яшаш пунктини қайтиб олганини ёзганди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар
Фото: Ижтимоий тармоқлар

Украина Хавфсизлик хизмати ахборот хизмати ташкилотнинг «Алфа» махсус кучлари Купянск шаҳрига киргани тасвирланган суратлар эълон қилди. Бу эса шаҳар Украина назоратига қайтганини билдиради.

Мавзуга оид