ОАВ: Россия хорижий сиёсатчиларга пора бериш учун 300 млн доллар сарфлаган
CNN, AP ва WP’нинг АҚШ президенти маъмуриятидаги суҳбатдошларига кўра, Россия бутун дунё бўйлаб сайловларга таъсир ўтказиш мақсадида ўнлаб мамлакатлардаги турли сиёсий кучларга камида 300 миллион доллар сарфлаган.
2014 йилдан бери Россия хориждаги сиёсий воқеаларга таъсир ўтказиш мақсадида йигирмадан ортиқ мамлакатлардаги хорижий сиёсий партиялар ва номзодларга камида 300 миллион доллар ўтказди. Бу ҳақда 13 сентябр, сешанба куни The Washington Post (WP) газетаси, AP агентлиги ва CNN телеканали АҚШ президенти маъмурияти вакиллари ва Қўшма Штатлар разведка маълумотларига таянган ҳолда хабар берди.
Кремлнинг бундай фаоллиги кўрсатилган давлатлар орасида CNN ва AP манбалари Албания, Босния ва Черногорияни келтирган. WP суҳбатдоши ушбу рўйхатга Мадагаскарни қўшган ҳамда Эквадордаги шунга ўхшаш фаолиятни истисно қилмаган, шунингдек, Осиё давлатларидан бири ҳақида гапирган, бироқ унинг номини айтмаган. Бу ерда, разведка маълумотларига кўра, Россия элчиси президентликка номзодга миллионлаб долларни нақд пул кўринишида топширган.
Кремлга алоқадор кучлар сиёсий воқеаларга таъсир ўтказиш учун баъзан ўта ўнг гуруҳлар манфаати учун сохта компаниялар, таҳлил марказлари ва бошқа воситалардан фойдаланган, дейди разведка хизматлари вакиллари. Пуллар нақд ва криптовалюта кўринишида ўтказилган, баъзан бунинг учун Россия элчихоналари ҳисобларидан фойдаланилган. Разведка маълумотларига кўра, бундай яширин молиялаштиришнинг ортиши 2014 йилда содир бўлган.
Сиёсий молиялаштириш баъзан Россия ҳукумати амалдорлари ва қонун чиқарувчилари ёки ФХХ орқали назорат қилинган, деб ёзади WP. Молиявий схемаларда тадбиркор ва «Вагнер» ХҲК асосчиси Евгений Пригожин ҳамда Александр Бабаков ҳам иштирок этган. Бу 2022 йилда АҚШда Америка сиёсатига таъсир қилиш учун фитна уюштирганликда айбланган Россия Давлат думаси раиси ўринбосарининг исми.
АҚШ Давлат департаменти АҚШнинг 100 дан ортиқ мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарини разведка маълумотлари тўғрисида хабардор қилди, дея қайд этади WP. Тақдим этилган ҳисоботларда Россия фаолиятига оид маълумотлар мавжуд бўлиб, уларда АҚШ ва унинг иттифоқчилари Кремлга қарши туриш учун қандай чоралар кўриши мумкинлиги айтилган.
«Яқин ойларда Россия халқаро санкциялар самарадорлигига путур етказиш ва Украинада давом этаётган уруш фонида ушбу минтақалар мамлакатларида ўз таъсирини сақлаб қолиш мақсадида Марказий ва Жанубий Америка, Африка, Яқин Шарқ ва Осиёдаги яширин таъсир воситаларига, жумладан, яширин сиёсий молиялаштиришга тобора кўпроқ таяниши мумкин», - дея огоҳлантирди Давлат департаменти.
«Россиянинг сиёсатчиларни яширин молиялаштириши ва унинг демократик жараёнларга путур етказишга уринишларига ойдинлик киритиб, ушбу хорижий партиялар ва номзодларнинг эътиборини агар улар Россия пулларини яширинча қабул қилса, биз уларни фош қилишимиз мумкинлигига қаратамиз», - деган АҚШ разведкаси расмийси.
Разведка текшируви Россиянинг АҚШга таъсир ўтказишга уринишларига тегишли бўлмаган, бироқ юқори мартабали амалдор WP нашрига бу масала «жиддий муаммо бўлиб қолаётгани» ва Қўшма Штатлар сиёсий тизимини ҳимоя қилиш учун кейинги ишларни талаб қилишини айтди. «Шубҳасиз, бизда ҳам шундай заифлик бор», — деди газета суҳбатдоши.
Мавзуга оид
20:12
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
17:47
Кремл Россияга мигрантлар нима учун кераклигини тушунтирди
15:31
Шартнома бўйича ҳарбийлар 65 ёшга тўлмагунча Россия армиясидан бўшатилмайди
13:52