Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОАВ: Россияда ҳарбий ишлаб чиқариш санкциялар оқибатини юмшатяпти
Экспертларнинг фикрича, ҳарбий-саноат комплексидаги давлат буюртмалари Россия ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлаяпти, деб ёзади Bloomberg.
Ғарб санкцияларига қарамай, июл ойида Россияда «тайёр металл буюмлар» ишлаб чиқариш ўтган ойлардаги кескин пасайишдан сўнг, ўтган йилга нисбатан деярли 30 фоизга ошди, деб хабар берди Bloomberg 15 сентябр, пайшанба куни. Унинг баҳолашича, ҳарбий ишлаб чиқариш, афтидан, Россия саноати юксалишига ҳисса қўшиб, иқтисодиётнинг санкциялар фонида таҳлилчилар прогноз қилганидан яхшироқ ривожланишига ёрдам беряпти. «Бошқа машина ва ускуналар» ишлаб чиқариш ҳам муваффақиятли ривожланмоқда. Буларга кемалар, самолётлар ва зирҳли техникалар киради, дея қайд этган агентлик.
Июл ойидаги маълумотлар ҳарбий-саноат комплексидаги давлат буюртмалари Россия ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлаётганини тасдиқлайди, деди Oxford Economics эксперти Татяна Орлова. Bloomberg маълумотига кўра, «Уралвагонзавод»да мудофаа ишлаб чиқаришида банд бўлган ходимлар 12 соатлик иш кунига ўтган, агар хоҳлашса, шанба куни ҳам саккиз соатлик сменада ишлаши мумкин. «Агар уруш бўлмаганида, ишлаб чиқариш саноатининг кўрсаткичлари анча ёмонроқ бўлар эди», деди Орлова.
Июл ойида президент Владимир Путин армия учун махсус иқтисодий чора-тадбирлар тўғрисидаги қонунни имзолади. Унинг таклифига кўра, ҳокимият фуқаролар армия эҳтиёжлари учун дам олиш кунлари ва тунги вақтда компенсациясиз ишлаши керак бўлган режим ўрнатиш ҳуқуқига эга.
Bloomberg агентлигининг таъкидлашича, ҳукумат баъзи асосий статистик маълумотларни эълон қилишни тўхтатиб, ойлик рақамларни ошкор қилмаганидан сўнг, Россия иқтисодиёти турли бюджет моддалари, жумладан, мудофаа харажатлари бўйича аниқ маълумотларни олиш янада қийинлашди.
Шу билан бирга, нашрнинг ёзишича, мудофаа саноатининг иқтисодий тикланиши қисқа муддатли бўлиши мумкин, бу агар бошқа тармоқлардан ишчи кучи кириб келса, санкциялар эса Россия ҳарбий машинасини заифлаштириб, уни бутловчи қисмлар ва технологиялардан маҳрум қилса юз беради. Шу билан бирга, Россия Украинадаги уруш ҳаёт-мамот жангига айланиб кетса ўз эҳтиёжларини қондира олиши аниқ эмас.
Аввалроқ, 1 сентябр куни Россия бош вазирининг собиқ ўринбосари Алфред Кох сафарбарлик иқтисодиёти инқирознинг давоси экани ҳақидаги совет иттифоқи афсонасини тўғри деб ҳисобламаслигини айтди.
«Ўйлайманки, Путин бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда Набиуллина буни яхши тушунади ва шунинг учун иқтисодиётни сафарбарлик ҳолатига ўтказишга йўл қўймайди. Қурол-яроғ саноатини хоҳлаганча бошқариш мумкин, аммо Россияда савдо ва қишлоқ хўжалиги бозорга асосланган ва бу яхши, сабаби кучли очарчилик хавфини камайтиради. Аслида, ҳар қандай инқирозга тўғри жавоб - бозорга чиқиш қобилиятининг ошиши, сафарбарлик рельслари эса - боши берк кўча», деди Алфред Кох Вилнюсда.