09:43 / 19.09.2022
10451

Украиналик миллиардер Игор Коломойскийнинг уйида тинтув ўтказилди

Коррупцияга қарши кураш миллий бюроси томонидан украиналик тадбиркор Игор Коломойскийнинг уйида ўтказилган тинтув «Укрнафта» компанияси 13 миллиард гривна миқдоридаги маблағлари ва мол-мулкини ўзлаштириш иши билан боғлиқ, деб ёзади ZN.ua.

Игор Коломойский / Фото: AC

Украиналик тадбиркор Игор Коломойский уйи «Укрнафта» нефт-газ компаниясининг «2015 йилги нархларда» 13 миллиард гривна (356 миллион евро) миқдоридаги маблағлари ва мол-мулкини эгаллаб олиш иши бўйича тинтувдан ўтказилди, деб ёзади якшанба куни, 18 сентябр куни Украинанинг ZN.ua интернет нашри воқеа гувоҳлари ва Коррупцияга қарши кураш миллий бюроси (ККМБ)даги манбаларга таяниб. 

Қайд этилишича, тинтув тадбиркорнинг яшаш жойи – Буковел тоғ-чанғи курортида ўтказилган. Шу билан бирга, ККМБ ходимлари Коломойскийдан ҳужжатлар ва гаджетни мусодара қилишди. 

Бу ишда тадбиркорнинг мақоми ҳозирча аниқ эмас. ZN.ua хабарига кўра, у айбланувчи эмас ва тегишли хабарномани олмаган. Айни пайтда, бир неча кун олдин Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратура (КИП) ва ККМБ вакиллари Коломойскийга тегишли бўлган «Укрнафта» компанияси бир неча топ-менежерлари молиявий фирибгарликда гумон қилингани ҳақида хабар беришди. 

Хусусан, фирибгарликда гумон қилинганлар орасида компания бошқаруви собиқ раиси, «Укрнафта» нефт, газ ва нефт-газ маҳсулотларини сотиш бошқармаси бошлиғи собиқ ўринбосари, бешта тижорат корхонаси (улардан бири қўлга олинган) собиқ раҳбарлари бор.

Ҳолат юзасидан «мансабдор шахс томонидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш йўли билан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан келишиб, ўта йирик миқдорда ўзганинг мулкини тортиб олиш» моддаси бўйича иш очилган. Бу борада шубҳалар 2019 йилда пайдо бўлган, бироқ КИПнинг ўша пайтдаги раҳбари Назар Холодницкий иш очишга рухсат бермаган, деб таъкидлайди ZN.ua.

Игор Коломойский тадбиркорлар Геннадий Боголюбов ва Игор Палица билан биргаликда «Укрнафта»нинг 40 фоиз улушига эга, 50 фоиз плюс битта акция «Нафтогаз Украина» давлат миллий акциядорлик компаниясига тегишли. 

Top