Жарқўрғон ва Учкўприкда қишлоқ хўжалиги кооперативлари фаолиятига тўсқинлик қилиняпти
Қишлоқ хўжалиги кооперативлари – Ўзбекистон учун ҳозирда айнан керакли бўлган соҳа. Айнан кооперативлар мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасининг эртанги куни. Нега? Чунки айнан кооперативлар деҳқонларнинг кўнгилли – ўз иродаси билан, шахсий манфаатни кўзлаб тузиладиган, деҳқонларнинг ўз маблағлари эвазига фаолият юритадиган бирлашмалардир.
Мана қаранг, ҳозиргача қишлоқ хўжалигини давлат молиялаштириб келди: аввал фермерлар, кейин кластерлар ҳам деярли давлат берадиган имтиёзли кредитлар эвазига фаолият юритиб келишяпти. Бу дегани томорқачилардан ташқари ҳамма ерда ишлайдиган хўжаликлар ўз пулини ерга деярли тикмай келди. Бировнинг пули – барибир бировнинг пули, истайсизми-йўқми – жигардан бўлмаган. Шунинг учун ҳам бу кетишда ривожланиш бўлмайди ва биз – журналистларга келаётган маълумотлар бунга яққол далил.
Ечимлардан бири – айнан қишлоқ хўжалиги кооперативлари – фермер ва деҳқонларнинг ўз ташаббуслари билан (“тепадан тушган” буйруққа биноан эмас) тузилган бирлашмалари. Бу ерда:
Биринчидан, деҳқонлар хоссатан манфаатларини кўзлаб бирлашишади, шу сабаб уларнинг устидан назорат ўрнатиш керак бўлмайди.
Иккинчидан, деҳқон ва фермерлар ўзи пулларини тикишади, ўша – биз тилга олган “бировнинг [қадри йўқ] пули”ни эмас. Бу эса умуман бошқача манзара!
Хуллас, кооперативлар соҳаси ривожланса, қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожланади.
Энди бир савол, кооперативлар юзага келишига тўсқинлик қилаётганларни нима деб атасак бўлади? Уларни нима деб аташни сиз азизларга қолдираман-да, бизга келиб тушаётган мурожаатларга ўтаман.
Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон тумани. Бу ерда ҳозирча атиги битта кооператив тузилган – 16 фермер бирлашиб, кооператив тузган, пахта етиштирган. Мана энди пахта пишди дегунча, пахтага эга чиқди. Кооператив ўзи етиштирган пахта ўзи истаган жойга йиғишига имкон берилмаяпти.
Бошқа бир мурожаат Фарғона вилояти, Учкўприк туманидан. 19 нафар фермер кооператив тузган. Бу ерда ҳам ўша ҳолат – кооператив ўзи етиштирган пахтасини ўзи истаган жойда сақлашига тўсқинлик қилиняпти. Ва йиғиб қўйилган пахта ғарамини (бунтини) кластер омборига мажбуран олиб кетиш билан таҳдид қилинмоқда.
Ҳали айтганимиздек, кооперативлар – Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг эртанги куни. Масалан, ҳозирданоқ маълум бўлдики, кооперативлар етиштирилаётган пахтанинг таннархини туширишга ҳаракат қилишяпти ва пахта етиштиришга камроқ маблағ сарфланяпти. Ҳар бир тузилаётган кооперативни ҳозирда мамлакат ютуғи деб қабул қилиш керак.
Kun.uz'га Жарқўрғон ва Учкўприк туманларида ташкил қилинган қишлоқ хўжалиги кооперативларидан мурожаатлар келиб тушди. Ўрганишимиз икки ҳолатда ҳам манзара деярли бир хил эканини кўрсатди – муаммолар пахта етилиб, териш даври келганда юзага кела бошлаган: кооперативлар ўз пахтасини ўзи лозим топган жойда сақлашига тўсқинлик қилинган, маълум кластернинг жойига йиғишга мажбурланяпти.
Биз Сурхондарё вилояти ҳокимининг қ/х бўйича муовини Усмон Туропов ва Учкўприк тумани ҳокимидан телефон орқали изоҳ олдик. Икки ҳолатда ҳам масъуллар ўз изоҳи билан қонунчиликда кооперативларга бириктирилган ҳуқуқлардан ё бехабар экани, ё билиб инкор қилаётгани равшан бўлди...
Қонунлардан иқтибослар:
“Кооператив юридик шахсларнинг ташаббуси билан мутлақо ихтиёрийлик асосида ташкил этилади”.
“Кооперативнинг устави юридик шахслар мухтор вакилларининг йиғилишида қабул қилинади ва давлат хизматлари марказларида рўйхатга олинади”.
“Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган қонунчилик ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга кириши шарт”.
“Тадбиркорлик фаолияти субъектидан мулкни олиб қўйишга, унинг бошқа ашёвий ҳуқуқларини бекор қилишга, шунингдек уларни чеклашга йўл қўйилмайди”.
“Тадбиркорлик фаолияти субъектлари хомашё, товарлар ва хизматлар бозорларига эркин киришда, шунингдек, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишда тенг имкониятларга эга. Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг хомашё, товарлар ва хизматлар бозорларига кириши давлат органлари, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари томонидан бирор-бир тарзда чекланишига йўл қўйилмайди”.
“Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қоидабузарлик мавжудлиги фактидан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ўзга қонуний фаолиятига аралашиш ёки бундай фаолиятни чеклаш учун асос сифатида фойдаланиши мумкин эмас”.
“Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари фермер хўжаликларининг агротехника усулларини, етиштириладиган маҳсулот турини танлашига, бу маҳсулотнинг баҳосини ҳамда реализация қилиш йўналишини белгилашига аралашишга ҳақли эмас”.
“Давлат органларининг битимлар тузиш, фойдани тақсимлаш, ижроия органи раҳбарини ва унинг аъзоларини сайлаш (тайинлаш) масалалари бўйича ҳамда тадбиркорларнинг бошқарув органлари ваколатига тааллуқли бўлган бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш, тадбиркорлик фаолияти субъектларига кўрсатмалар ва бошқа фармойишлар бериш, ҳужжатларга муҳр босишни талаб қилиш ёки ҳужжатларни муҳр билан тасдиқлаш тўғрисида талаб қўйиш хамда таваккалчилиги шароитларида қабул қилинган, зарар кўрилишига олиб келган қарорлар учун уларнинг бошқарув органлари аъзоларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш тақиқланади”.
“Назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузиш йўли билан уларга зарар етказиш, яъни мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум этиш, хусусий мулкка тажовуз қилиш, номақбуллиги олдиндан аён бўлган шартларни мулкдорга мажбуран қабул қилдириш, шу жумладан мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқларни топширишни асоссиз равишда талаб қилиш, шунингдек мулкдорнинг мулкини олиб қўйиш ёхуд уни ўз мол-мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбурлаш, талон-торож аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда Жиноят кодексининг XIII¹-бобида қатъий жиноий жавобгарликлар бор”.
Шокир Шарипов тайёрлади.
Мавзуга оид
20:28 / 01.11.2024
Фермер энди ерга ижара ҳуқуқини сотиши мумкин – саволларга жавоблар
16:04 / 01.11.2024
Боёвут ҳокими Дилфуза Уралова фермерни ҳақоратлаб, ИИБга уни қамаб қўйишни буюрди
12:10 / 25.10.2024
Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги вазири тайинланди
16:26 / 16.10.2024