Жаҳон | 07:36 / 27.09.2022
9899
2 дақиқада ўқилади

ФХХ япон дипломати жосусликда айбланиб қўлга олинганини эълон қилди

ФХХ маълумотларига кўра, Владивостокда махсус хизмат япон дипломати иштирокидаги «жосуслик ҳаракати»ни тўхтатган.

Мотока Тацунори / Фото: kp.ru

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) Япониянинг Владивостокдаги бош консуллиги ходими Мотока Тацунори «тарқатилиши чекланган маълумотни олганида» ушланганини маълум қилди. Бу ҳақда 26 сентябр, душанба куни ТАСС агентлиги хабар берди.

Махсус хизматга кўра, дипломат «пул мукофоти эвазига Россиянинг Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларидан бири билан ҳамкорлигининг долзарб жиҳатлари, Ғарб санкцияларининг Приморск ўлкасидаги иқтисодий вазиятга таъсири тўғрисида тарқатилиши чекланган маълумот олаётган пайтда ашёвий далиллар билан» ушланган. 

Тацунори «дипломатлик мақомига тўғри келмайдиган фаолияти туфайли» персона нон грата деб эълон қилинди, дипломатик каналлар орқали Япония томонига норозилик билдирилган, дея қўшимча қилди ФХХ.

Махсус хизмат Тацунори сўроқ қилинган видеони ҳам эълон қилди, унда у Россия қонунчилигини бузганини ва махфий маълумотларни пул эвазига олишга уринаётганини «тушунганини» айтади.

Очиқ манбаларга кўра, Тацунори сиёсий масалалар бўйича консул бўлиб ишлаган.

Мавзуга оид