«Энди аввалгидек бўлмайди». Кремлда Украина ҳудудларини қўшиб олиш тўғрисидаги шартномалар имзоланди
Кремлда Украинанинг босиб олинган ҳудудларининг Россия таркибига кириши тўғрисидаги шартномалар имзоланди. Шу билан бирга, Россия қўшиб олмоқчи бўлган тўрт регионнинг ҳеч бирини тўлалигича назорат қилмаяпти.
Россия президенти Владимир Путин имзолаш маросими олдидан сўзлаган нутқида Украина ҳукуматини ўт очишни тўхтатиш ва музокаралар столига ўтиришга чақирди, аммо аннексия қилинган ҳудудлар мақоми муҳокама қилинмаслигини айтди.
«Биз Киев режимини зудлик билан ўт очишни, барча жанговар ҳаракатлар, 2014 йилда бошлаган урушини тўхтатишга ва музокаралар столига қайтишга чақирамиз. Биз бунга тайёрмиз», - деди Путин Кремлдаги Георгий залида бўлиб ўтган маросимда.
Путиннинг қўшимча қилишича, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР» ҳамда қисман босиб олинган Херсон ва Запорижжя областларида Россияга қўшилиш тўғрисида ўтказилган «референдум»лардаги «халқлар танлови муҳокама қилинмайди».
«Танлов қилинди, - деди Россия президенти. - Россия унга хиёнат қилмайди». «Фақат шундай йўл билан тинчликка эришиш мумкин», дея қўшимча қилган у ва аннексия қилинган ҳудудларни «барча воситалар билан» ҳимоя қилишни ваъда қилган.
Украина ва Ғарб мамлакатлари «референдум»ларни сохта деб атамоқда ва уларни тан олмайди.
Путиннинг нутқи
Путин 36 дақиқа давом этган чиқишида «референдум»лар ўтказишни миллионлаб одамларнинг «ажралмас ҳуқуқи» деб атади.
Рус халқининг «тарихий бирдамлиги» тўғрисида сўз юритаркан, у Исо алайҳиссаломнинг тоғдаги даъвати ва файласуф Иван Ильиннинг сўзларидан иқтибос келтирди, саркардалар Суворов ва Ушаков ҳамда Арсен Павлов (Моторола) ва Александр Захарченколарни ёдга олди. У яна бир бор Ғарб, СССРнинг тарқалиши, Украинада 2014 йилда юз берган воқеалар тўғрисида гапирди ва Украинанинг босиб олинган регионлари аҳолиси «бир умрга бизнинг фуқароларимиз бўлишади» деди.
«Ғарб гегемонияси синишининг бошланиши тўхтамайди, - деди Путин (у бу сўзни бир неча марта ишлатди). – Энди аввалгидек бўлмайди. Бу халқимиз, улкан тарихий Россия учун жанг майдони».
«Ортимизда ҳақиқат, ортимизда Россия» деган сўзлардан сўнг Путин ва босиб олинган тўрт регион вакиллари шартномаларни имзолашди.
Украинанинг муваффақиятли қарши ҳужумлари фонида
Босиб олинган ҳудудларни аннексия қилиш расмий жараёни Украинанинг Донецк областидаги қарши ҳужуми фонида йўлга қўйилди. Украин қўшинлари Лиман шаҳри ва унинг атрофидаги районларни ҳимоя қилаётган Россия гуруҳини тўлиқ қуршаб олишга яқин турибди.
Кремлда шартномаларни имзолаш маросими кутилган жума куни эрталаб Запорижжя шаҳрига берилган ракета зарбаси оқибатида камида 23 киши ҳалок бўлди.
«Фақат адо бўлган террорчиларгина шундай қилиши мумкин», - деди Украина президенти Володимир Зеленский.
Оккупацион ҳукумат эса зарбани гўёки Украина армияси берганини таъкидламоқда.
Кремль Запорижжя ва Херсон областларининг эгаллаб олинган қисмлари мустақиллигини (расман қўшиб олиш учун зарур расмиятчилик) жумага ўтар кечаси тан олди – Россия президенти иккита фармонни имзолади.
Россия ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР» мустақиллигини бостириб киришдан олдин – 21 февралда тан олганди.
27 сентябр куни қисман босиб олинган Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя областларида Россия ташкиллаштирган «референдум»лар якунланди.
Процедура
Энди Путин босиб олинган ҳудудларнинг Россия ҳукумати томонидан тайинланган раҳбарлари билан имзолаган шартномалар янги субъектларни қабул қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари билан биргаликда Федерал мажлисга ратификация қилиш учун берилади.
Россия парламентининг ҳар икки палатасида Украина ҳудудларини аннексия қилиш масаласи бўйича овоз бериш янаги ҳафтада бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Ғарб «референдум»лар натижалари ва Россиянинг улар ўтказилган ҳудудларни қўшиб олиш бўйича келгусидаги ҳаракатларини тан олмаслигини аллақачон маълум қилган, Киевдагилар эса бу мазкур ҳудудларни оод қилиш бўйича саъй-ҳаракатларга таъсир кўрсатмаслигини таъкидлашди.
Қрим каби эмас
Сиёсатшунослар ҳозирги воқеалар 2014 йилдаги Қрим аннексиясига ўхшаш бўлишига қарамасдан, вазият фарқ қилишини айтишмоқда.
«Россия раҳбариятининг ҳозирги ҳаракатлари 2014 йилда Қрим қўшиб олинганидаги каби реакцияга сабаб бўлмайди, - дейди сиёсатшунос Григорий Голосов. – Қрим 90-йиллардаги ресентимента (ўз муваффақиятсизлиги учун бошқаларни айблаш) объекти бўлган ва россияликлар онгида Қрим Россияга қўшилишни ўзи хоҳламоқда деган тасаввур мустаҳкамланганди. Бу хаёлий, лекин оммавий фикр эди ва шу боис 2014 йилда аҳоли Россия раҳбариятининг ҳаракатларини ижобий қаршилаган».
Эҳтимол, аҳолининг бир қисмида Донецк ва Луҳанск бўйича ана шундай фикр шаклланган бўлиши мумкин, лекин шуниси аниқки, Россия аҳолиси учун доимо Украинанинг бир қисми бўлиб келган Херсон ва Запорижжя областлари бўйича бундай фикр йўқ ва бўлмаган ҳам», деб ҳисоблайди сиёсатшунос.
«Айнан ушбу ҳудудларнинг қўшиб олиниши аҳолида хурсандчилик ва ҳатто буни тушуниш келтириб чиқаради деб ўйламайман», - дея қўшимча қилди эксперт.
«Ҳудудлар расман аннексия қилинганидан кейин биз билган Россия Федерацияси нафақат ҳеч бир мамлакат ёки халқаро ташкилот томонидан юридик жиҳатдан тан олинмаган, балки амалда марказий маъмурият томонидан бошқарилмайдиган ҳудудларни ўз ичига олган ноқонуний чегарага эга давлат сифатида мавжудлигининг янги босқичига ўтади», - дейди сиёсатшунос Екатерина Шульман.
Украина ва дунё реакцияси
Пайшанба куни, Кремль шартномалар имзоланиши ҳақида эълон қилганидан сўнг Украина президенти 30 сентябр кунига мамлакат миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг шошилинч йиғилишини чақирди. Аввалроқ Зеленский агарда Москва босиб олинган ҳудудларда ўтказилган «референдум»лар натижаларини тан оладиган бўлса, Путин билан музокаралар имконияти йўққа чиқишини таъкидлаганди.
Украина президенти маслаҳатчиси Михаил Подоляк Москва эълон қилган шартномалар имзолаш маросимини «Кремль фрик-шоуси» деб атади.
«Эълон қилинган «қўшилиш маросими» ҳеч қандай юридик маънога эга эмас... Россиянинг виртуал кун тартибига вақт сарфламанг. Ҳақиқий ҳаёт қизиқарлироқ бўлади: қарши ҳужум, деоккупация, трибунал», - деб ёзди у Твиттерда.
Ғарб мамлакатлари «референдум»лар ва Украинанинг босиб олинган ҳудудларини қўшиб олиш жараёни йўлга қўйилишини бир овоздан қоралади.
Британия бош вазири Лиз Трасс Путин халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузганини айтди.
«Биз ҳеч қачон Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя областларини Украина ҳудудидан бошқа нарса деб тан олмаймиз», - деб огоҳлантирди у.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Россиянинг режасини минтақадаги тинчлик истиқболларини хатарга қўювчи хавфли эскалация деб атади.
«Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг бешта доимий аъзоларидан бири сифатида БМТ низоми бажарилиши учун жавобгар. Украинанинг Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя областларини қўшиб олиш тўғрисидаги ҳар қандай қарор юридик кучга эга эмас ва муҳокама қилинмайди», - деди у.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024