Жаҳон | 09:21
512
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Лондон Украинага РФнинг 9 млрд евролик активларини топширишга тайёр

Буюк Британия ҳукумати мамлакатда музлатиб қўйилган Россия активларидан 9 миллиард еврони Украинага беришга тайёр, деб ёзади The Times. Шу йўл билан мамлакат Украина учун репарацион кредитни молиялаштиришга ўз ҳиссасини қўшишни режалаштирмоқда.

Фото: picture-alliance/NurPhoto/N. Economou

Буюк Британия ҳукумати Россияга тегишли музлатилган активларнинг бир қисмини — саккиз миллиард фунт ёки 9,1 миллиард еврони Украинага ўтказишга тайёр. Бу ҳақда 4 декабр, пайшанба куни The Times нашри ҳукуматдаги манбасига таяниб хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, ҳозир Британия Евроиттифоқ (ЕИ) ва бошқа давлатлар (масалан, Канада) билан Украина учун тахминан 114,5 миллиард евро ҳажмида репарацион кредит ажратиш тўғрисида келишувни мувофиқлаштиришга уринаётгани айтилмоқда. Кутилишича, бу маблағлар 2026–2027 йилларда Украина молиявий эҳтиёжларининг учдан икки қисмидан ортиғини қоплашга етади. Агар уруш давом этса, пул қурол-яроғга сарфланади, Россия билан тинчлик келишуви тузилган тақдирда эса мамлакатни тиклашга йўналтирилади.

Шу билан бирга, газета суҳбатдошининг қайд этишича, Буюк Британияда музлатилган Россия активларининг бир қисмини ечиш ва уларни Украинага ўтказиш механизми ҳали ишлаб чиқилмаган. Британия маълумотларига кўра, мамлакатда жами 28,6 миллиард евро миқдорида РФ активлари блокланган.

The Times мақоласи Британиядаги тергов комиссияси ҳисоботи эълон қилинган кун чиқди. Комиссия хулосасига кўра, Россия президенти Владимир Путин 2018 йили Англиянинг Солсбери шаҳрида собиқ икки томонлама агент Сергей Скрипални «Новичок» асаб фалажловчи моддаси билан заҳарлаш тўғрисида шахсан буйруқ берган. Шу боис у тасодифий қурбон — 44 ёшли британиялик аёл Дон Стержесс ўлими учун жавобгарликни ўз зиммасига олади, деган хулосага келинган.

Текширув натижалари муносабати билан Британия ҳукумати ГРУга ва, жумладан, ушбу махсус хизматнинг тахминий ходимлари деб ҳисобланган 11 нафар жисмоний шахсга нисбатан янги санкциялар жорий этганини эълон қилди. Мамлакат бош вазири Кир Стармер эса ушбу заҳарлаш ҳолатларини «Россия тажовузкорлиги ҳақидаги эслатма» деб атади. «Буюк Британия ҳар доим шафқатсиз режимга қарши чиқади ва ўлим машинасини фош этиб боради», — деди у.

4 декабр куни Германия федерал канцлери Фридрих Мерцнинг 5 декабрга мўлжалланган Норвегияга сафари кечиктирилгани маълум қилинди — у шу куни Белгия бош вазири Барт де Вевер билан учрашишни режалаштирган. Учрашув кечки овқат форматида ўтади, унда Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ҳам иштирок этади.

AFP агентлиги Германия ҳукуматидаги манбаларига таяниб хабар беришича, Мерцнинг шошилинч сафарининг асосий мавзуси Еврокомиссия таклиф этган Украинага репарацион кредит ажратиш учун музлатилган Россия активлари бир қисмидан фойдаланиш имконияти бўлади.

Россиянинг блокланган маблағлари катта қисми (тахминан 189 миллиард евро) сақланаётган Белгия Еврокомиссия режасини рад этган, Европа Марказий банки ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватламаган. Шу билан бирга, Германия ва ЕИнинг кўпчилик давлатлари бу ғояни маъқуллаган. ЕИ раҳбарияти Украина учун репарацион кредит бўйича келишувга йил охиригача эришишга умид билдирмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид