Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яманда 6 ой давом этган ўт очишни тўхтатиш режими тугади
БМТ махсус вакилининг Яманда узоқ муддатли сулҳ тузишга уринишлари натижа бермади. 6 ой давом этган оташкесим тугади.
Яманда ўт очишни тўхтатиш режимини узайтириш бўйича музокаралар муваффақиятсизликка учради. БМТнинг Яман бўйича махсус вакили Ханс Грундберг 2 октябр, якшанба куни кечқурун умидсизликни изҳор қилиб, имкон қадар тезроқ келишувга эришиш учун саъй-ҳаракатларни давом эттиришини таъкидлади. «Узоқ муддатли оташкесим аҳолига катта фойда келтиради», деди у.
Грундберг ўз баёнотини ўт очишни тўхтатиш муддати тугаганидан бир неча соат ўтиб эълон қилди. Яман ҳукумати ва ҳусий исёнчилар ўртасида БМТ шафелигидаги сулҳ апрель ойи бошида икки ойга кучга кирди ҳамда июнь ва август ойларида узайтирилди.
Бу сафар Грундберг ўт очишни тўхтатишни олти ойга узайтиришга ва уни қўшимча шартлар билан боғлашга уринди. Гап мамлакат жануби-ғарбидаги Таиз шаҳридаги муҳим йўлларнинг очилиши, ҳарбий деэскалацияга эришиш воситалари ва маҳбусларни озод қилиш ҳақида бормоқда. Бундан ташқари, вақтинчалик сулҳни доимий сулҳга айлантиришга умид ҳам бор эди.
Ямандаги қарама-қаршилик 2014 йилда, ҳусийлар пойтахт Санони эгаллаб олгандан сўнг бошланган. Улар президент Абд Раббо Мансур Ҳодини ҳокимиятдан четлатиб, уни мамлакатни тарк этишга мажбур қилишди. 2015 йилнинг март ойида Саудия Арабистони ва БАА бошчилигидаги халқаро коалиция Ҳоди ҳукуматини ҳокимиятга қайтариш кампаниясини бошлаган эди.
Саккиз йил давомидаги жанговар ҳаракатлар пайтида 150 мингдан ортиқ одам, жумладан 14,5 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди. БМТ бу можарони дунёдаги энг даҳшатли гуманитар инқироз деб атади. Март ойида БМТ Ямандаги гуманитар фалокатни юмшатиш учун 4,27 миллиард доллар (3,9 миллиард евро) кераклигини айтди.