11:34 / 05.10.2022
3122

Венгрия Ўзбекистонни ЕИ билан янгиланган ҳамкорлик битими имзоланишида қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон ва Венгрия ТИВ раҳбарлари Будапештда икки томонлама кун тартибини муҳокама қилди.

Фото: Dunyo

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазири Петер Сийярто бугун Будапештда амалий учрашув ўтказди.

Владимир Норов ва Петер Сийярто Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга расмий ташрифи доирасидаги музокаралар дастури ва кун тартибини атрофлича муҳокама қилди, икки давлат ўртасидаги муносабатлар бугунги ҳолати ҳамда ҳамкорликни ривожлантиришни кўриб чиқди.

Вазирлар Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувларни мунтазам равишда давом эттириш, 2023 йилгача бўлган вазирликлараро ҳамкорлик дастурини сифатли мазмун билан бойитиш муҳимлиги тўғрисида келишиб олди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ва Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ташқи алоқалар ва савдо институти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзолангани айтилди.

Шунингдек, автомобилсозлик, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва томонларни қизиқтирган бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали иқтисодий дипломатияни фаол ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. Вазирлар парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш, таълим соҳасидаги алоқаларни, Stipendium Hungaricum дастури асосида мустаҳкамлаш бўйича таклифларни кўриб чиқди.

Венгрия томони Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янгиланган битимни тез фурсатларда имзоланишида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади.

Top