16:53 / 07.10.2022
22683

Қўшиқчи Даврон Ғоипов вафот этди

Ўзбек рок-поп қўшиқчиси Даврон Ғоипов 61 ёшида вафот этди. Дафн маросими Хоразмда бўлади.

Фото: Instagram

7 октябр куни афсонавий ўзбек рок-поп қўшиқчиси Даврон Ғоипов 61 ёшида вафот этди. Бу ҳақда сухандон ва хонанда Толибжон Исроилов ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.

«Мамлакат яна бир афсонасидан айрилди. Бугун ўз туғилган кунида рок-поп юлдузи Даврон Ғоипов оламдан ўтди. 61 ёш, бироз вақтли эди-да. Аллоҳ билгувчи! Ҳозиргина жияни билан гаплашдим, жаноза ва дафн Хоразмда бўлар экан», — деб ёзади у.

Даврон Ғоипов 1961 йилнинг 7 октябрида Урганч шаҳрида Ўзбекистон ССР коммунистик партиясининг Қашқадарё вилояти қўмитаси 1-котиби (ҳозирги вилоят ҳокими даражасида) Рўзмет Ғоипов оиласида туғилган.

17 ёшидан гитарада қўшиқ ижро этишни бошлаган. 1980 йилгача «Ялла» гуруҳида гитарист сифатида ижод қилган. 1981 йилда «Оригинал» гуруҳига асос солган ва тез орада машҳурликка эришган. У «Керак эмас шаҳло кўзларинг», «Қайдасан», «Бу нима бу?», «Шошмагин», «Откритое окно» сингари юзлаб ҳит қўшиқлар яратган.

Интернетдаги маълумотларга кўра, 1984−1989 йилларда ижодий танаффус қилиб, Россиянинг Иркутск областида яшаган. 1990 йилда ижодга қайтиб, «Бу нима бу?» номли мусиқий фильмда суратга тушган. У ўзбек қўшиқчилигининг рок-поп йўланиши ривожига катта ҳисса қўшган, таниқли қўшиқчи Тоҳир Содиқов уни ўз устози деб билади ва қўшиқларини ижро этган.

Яна бир таниқли хонанда Ирода Искандарова унинг собиқ турмуш ўртоғи бўлган.

Top