Қрим кўпригидаги портлаш. Асосий маълумотлар
Қрим кўпригидаги портлаш оқибатида автомобил йўлининг бир қисми қулаб тушди. Бу Путиннинг 70 йиллик юбилейидан кейинги куни рўй берди.
8 октябр тонгида Керч бўғози орқали ўтувчи темирйўл кўпригида портлаш рўй бериши оқибатида автомобил кўпригининг бир қисми қулаб тушди. Ёнилғи тўлдирилган бир неча цистерналар ёниб кетди, кўприк бўйлаб автомобил ва поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилди.
Шанба куни кечга бориб аннексия қилинган Қримнинг Россия томонидан тайинланган губернатори Сергей Аксенов кўприк бўйлаб енгил автомобиллар ва автобуслар ҳаракати тиклангани, бунда барча транспорт воситалари «тўлиқ текширувдан ўтказилиши», юк машиналари эса бўғозни паром орқали кечиб ўтиши мумкинлигини маълум қилди.
Шунингдек, кўприкдаги портлаш ва ёнғин оқибатида шикастланган темирйўл ҳам тезда таъмирланиши ваъда қилинди. Шу куни кечқурун «Россия темирйўллари» 15 вагонли илк поезд таъмирланган кўприк орқали ўтгани ҳақида хабар берди.
Кўприкдаги портлаш ва ёнғин ҳақида илк хабарлар 8 октябр куни маҳаллий вақт билан соат 6 атрофида тарқала бошлади.
Маҳаллий расмийлар кўприк бўйлаб ҳаракатланган юк поездида ёнилғи тўлдирилган цистерналар ёниб кетгани тўғрисида хабар беришди. Бу ҳақда дастлаб аннексия қилинган Қрим раҳбари маслаҳатчиси Олег Крючков айтди, кейин унинг сўзларини «Қрим темирйўллари» матбуот хизмати тасдиқлади. «Кема аркалари шикастланмаган. Ҳодиса сабаби ва оқибатлари тўғрисида гапиришга ҳали эрта. Ёнғинни ўчириш бўйича иш олиб борилмоқда», дея ёзди Крючков ўз телеграм-каналида.
Кейинроқ Россия Миллий аксилтеррор қўмитаси Қрим кўпригида юк автомобили портлатилгани, бу эса параллел темирйўлдаги поезднинг ёнилғи тўлдирилган еттита цистернаси ёниб кетишига олиб келганини маълум қилди.
Россия Тергов қўмитаси Қрим кўпригидаги портлаш оқибатида уч киши ҳалок бўлганини маълум қилди. «Булар портлатилган юк машинаси яқинида ҳаракатланган енгил автомобил йўловчилари бўлган. Айни вақтда сувдан икки киши жасади олиб чиқилган - эркак ва аёл, уларнинг шахси аниқлаштирилмоқда», дейилган идора телеграм-каналида.
Бундан ташқари, Тергов қўмитаси ходимлар портлатилган юк машинаси ва унинг эгалари ҳақида маълумотлар ҳам аниқланганини маълум қилди. «Бу Краснодар ўлкасида яшаган шахс, унинг яшаш жойи бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Автомашина ҳаракати йўналишлари ўрганилиб, ҳужжатлаштирилмоқда», дейилган хабарда.
Аннексия қилинган Қрим раҳбари Сергей Аксенов ўз телеграм-каналида «фавқулодда ҳодиса оқибатида Краснодардан Керчга борадиган йўлнинг автомобиллар учун мўлжалланган полотносида иккита оралиқ ёпмаси қулаб тушгани» ҳақида маълум қилди. «Шу билан бирга ёнилғи тўлдирилган цистерналар ёниб кетган», дея ёзди Аксенов.
Москва вақти билан соат 10:00 атрофида Россия фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қрим кўпригидаги ёнғин ўчирилганини маълум қилди.
Россия Тергов қўмитаси Қрим кўпригидаги ҳодиса бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. «Тергов қўмитаси раиси топшириғига кўра, Криминалистика бош бошқармаси криминалистлари воқеа жойига жўнаб кетди», дея идора матбуот хизмати хабаридан иқтибос келтирган «Интерфакс». Тергов қўмитаси айнан қандай моддалар бўйича жиноий иш очилганига аниқлик киритмаган, аммо «терговчилар содир этилган жиноятга алоқадорларни аниқлаётгани» маълум қилинди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин ҳодиса юзасидан бош вазир, ФВВ раҳбари ва кучишлатар тузилмалар раҳбарларидан ҳисобот олгани ҳамда «ҳодиса сабабларини аниқлаш ҳамда оқибатларни бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси» тузишга кўрсатма берганини маълум қилди. Кейинроқ Путин «Керч бўғози орқали транспорт ўтишини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисида»ги фармонни имзолади, унга кўра Россия Федерал хавфсизлик хизматига яна иккита асосий инфратузилма объекти — Россиядан Қримгача бўлган энергия кўприги ҳамда Краснодар ўлкасидан Қримга магистрал газ қувури учун «ҳимоя чораларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш» ваколати берилади.
Ижтимоий тармоқларда юк машинаси ҳайдовчиси, 51 ёшли Моҳир Юсубовнинг сурати пайдо бўлди. У юк ташиш хизмати билан шуғулланган ва кўпинча Краснодар ўлкасида ҳаракатланган. 6 октябр куни сўнгги марта яқинлари билан алоқага чиққан. Кўприккача йўлнинг сўнгги қисмини ярим соатда босиб ўтиш мумкин бўлган ҳолатда, Юсубов бунга 6 соат сарфлаган. У бошқарган машина унинг жияни Самир Юсубовнинг номида бўлган. Самир ҳозир чет элда эканини малум қилган.
9 октябр куни РБК куч тузилмаларидаги манбасига таяниб ёзишича, Қрим кўпригида портлатилган юк машинаси эгаси минерал ўғит етказиб бериш бўйича буюртмани интернет орқали қабул қилган. Нашрнинг ёзишича, ҳайдовчи ташкиллаштирилган теракт ҳақида билмаган, ундан фойдаланишган. ФХХ қандай портловчи модда ишлатилганини текширмоқда.
Қрим расмийлари ҳодисада Украина томонини айблади. Қрим парламенти раҳбари Владимир Константинов кўприкдаги йўл полотносига «украиналик вандаллар» томонидан зарар етказилганини маълум қилди. Украина расмий шахслари кўприкдаги портлаш учун масъулиятни зиммасига олмаган.
Украина қандай реакция қилди?
Портлаш ва ёнғин акс этган видеоёзувлардан бирини дастлаб Миколайив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Ким твиттер саҳифасига жойлаштирди.
Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк ҳам твиттерида қулаб тушган кўприк суратини эълон қилиб, инглиз тилида шундай ёзди: «Қрим, кўприк, бошланиши. Ноқонуний нарсаларнинг барчаси йўқ қилиниши, ўғриланган нарсаларнинг барчаси Украинага қайтарилиши, Россиядан келган барча босқинчилар қувиб чиқарилиши керак».
Кейинроқ, Подоляк Украина портлашга алоқадор эмаслигини айтиб чиқди.
«Кадрлар алмашинувидан бироз олдинроқ ФХХ нокдаунга учради: Путин кўпригидаги портлашни томоша қилишди. Энди мудофаа вазирлиги жанубдаги бўлажак ғалабалар учун ФХХни айблаши мумкин. Ҳозирча кўприкни ким портлатгани аён эмас. Ёдда тутинг - фура РФдан келаётганди», дея ёзган у.
Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олексий Данилов фейсбукдаги саҳифасида Қримдаги кўприк портлаши бўйича кинояли пост қолдирди.
Унга илова қилинган видеода кўприк портлаши кадрлари Мерилин Монронинг АҚШ президенти Жон Кеннедига бағишлаб айтган «Туғилган кунингиз билан, жаноб президент» қўшиғи уйғунлаштириб қўйилган. Данилов постда «Хайрли тонг, Украина» деб ёзган.
7 октябр куни Россия президенти Владимир Путин 70 йиллик юбилейини нишонлаганди.
Украина оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Қрим яриморолини Россия билан боғлаб турувчи кўприкнинг портлатилишига Украина хавфсизлик хизматининг алоқаси бор. «Украинская правда» ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, Қрим кўпригини портлатиш — Украина хавфсизлик хизмати операцияси экани ҳақида ёзди.
УХХ матбуот котиби Артем Дегтяренко идора бундай янгиликларга изоҳ бермаслигини маълум қилди. «Биз бу портлашда УХХ ёки Украинанинг бошқа бирор давлат идораси роли ҳақида фақат якуний ғалабамиздан сўнг фикр билдирамиз», деди Дегтяренко.
Украинанинг «Политика страны» телеграм канали ёзишича, портлаш Украинанинг махсус операцияси экани — асосий версия. Аммо, уруш эскалациясига интилаётган «Кремлдаги гуруҳлар» кўрсатмасига биноан, Россия махсус хизматлари аралашган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фитна назарияси ҳам илгари сурилди.
Украина расмийлари ҳам портлашда мамлакат ҳарбийлари ёки махсус хизматлари иштирок этгани ҳақида очиқ баёнот бермади. Аввалроқ, улар Қрим кўпригини зарбалар учун қонуний нишон сифатида кўришини бир неча бор таъкидлаган эди.
Хусусан, август ойида Михайло Подоляк Украина ҳукумати Қрим кўпригини қонуний ҳарбий нишон деб билиши, чунки бу яриморолдаги Россия армияси таъминоти учун асосий йўл ҳисобланишини айтганди. Украина қуролли кучлари генерал-майори Дмитро Марченко июн ойида зарба бериш учун техник имкониятга эга бўлиши билан Қрим кўприги украин ҳарбийлари учун «биринчи рақамли нишонга айланиши»ни айтганди.
Қайд этиш керакки, апрел ойида «Москва» крейсери чўктирилиши, август ойида эса Қримдаги ҳарбий аэродромдаги портлашлар ва самолётлар йўқ қилиниши учун ҳам Украина томони расман жавобгарликни зиммасига олмаганди.
Муҳим лойиҳа
Путин яриморол аннексиясидан кейин қуришга кўрсатма берган Қрим кўприги 2018 йил майида очилганди. Россия президенти шахсан очилиш маросимига келган ва бу жараён давлат телеканалларида трансляция қилинган.
2016 йилда «Коммерсант» кўприк қурилиши учун 228 млрд рубл сарфланганини маълум қилган. «Ведомости» эса 2017 йил февралида лойиҳанинг умумий қиймати 300 млрд рублдан ошиши ҳақида ёзганди. 2018 йил майида кўприк бўйлаб автомобиллар ҳаракати йўлга қўйилган, 2019 йил декабридан поездлар қатнови бошлаган.
Қрим кўприги қурилиш лойиҳаси бош пудратчиси Аркадий Ротенбергга тегишли бўлган «Стройгазмонтаж» эди. Қурилиш субпудратчиси ҳам Кремлга жуда яқин ҳисобланган ушбу бизнесменга алоқадор «Мостотрест» бўлган. Ротенбергнинг айтишича, Қрим кўприги қурилиши билан шуғулланишни ундан шахсан Владимир Путинннинг ўзи сўраган ва бу лойиҳани «пул топиш мақсадида эмас», балки «мамлакат ривожига қўшилган ҳисса» деб билишига ишонтирган.
Ҳозирда Қрим кўпригидан Украина жанубидаги рус армияси таъминотида ҳам фойдаланилади.
Украин ҳарбийлари бир неча бор кўприкни йўқ қилиш кераклигини айтиб чиққанди. Аммо Киев ўзида бу кўприкни яксон этишга қодир бўлган қурол йўқлигини тан олганди.
Бундан ташқари, украин ҳарбийлари бир неча ойдан буён Днепр дарёси устидан ўтган, Херсонга олиб борувчи Антонов кўпригини ўққа тутиб келмоқда - бундан мақсад дарёнинг ўнг соҳилига жойлаштирилган рус қўшинларини таъминотдан узиб қўйиш ҳисобланади. Кўприкка ўнлаб ракеталар бориб теккан, аммо бу зарбалар Қрим кўпригида ёнилғи тўлдирилган цистерналар портлаши ва ёнғин чиқиши оқибатида юзага келтиргани каби вайронгарчиликлар келтирмаганди.
Мавзуга оид
12:21
Путин: Россия жангда «Орешник» ракетасини синовдан ўтказишда давом этади
11:31
AFP: Украина Курск областидан қўшинларини олиб чиқиш ниятида эмас
07:54
Украина Жаҳон банкидан деярли 5 млрд доллар олади
23:44 / 22.11.2024