Жаҳон | 12:40 / 18.09.2024
1636
3 дақиқада ўқилади

Германия Украинага қишки ёрдам учун 100 млн евро ажратади

Россия Украинада яна «қишки уруш»ни режалаштирмоқда, деди Германия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Кишинёвда. Шу билан бирга, Украинага ёрдам - Молдовани ҳам қўллаб-қувватлашдир, деди у.

Фото: PAP/Leszek Szymański

Германия яқинлашиб келаётган қиш мавсуми учун Украинага 100 миллион евро қўшимча ёрдам беради. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 17 сентябр, сешанба куни Кишинёвга ташрифи чоғида айтиб ўтди.

Reuters «Молдовани қўллаб-қувватлаш платформаси» доирасидаги йиғилиш бошланишидан олдин Германия ташқи ишлар вазирининг сўзларидан иқтибос келтирган: «Куз келгани ва қиш яқинлашаётгани аниқ». Бербок Россияни «Украинадаги одамларнинг ҳаётини иложи борича даҳшатли қилиш мақсадида» навбатдаги қишки урушни режалаштираётганликда айблади.

Шу билан бирга, Бербок 2022 йил феврал ойида Украинага кенг кўламли ҳужум бошланганидан сўнг дарҳол Россия Молдовани йўқ қилишга уринганини таъкидлади. Аммо Кишинёв расмийлари дезинформация ва киберҳужумлар оқимини тўхтатишга муваффақ бўлишди ва европалик ҳамкорлар Молдова учун Европа Иттифоқи йўналишидаги йўлни белгилаб беришди, деди у. Россия президенти Владимир Путиннинг «мамлакатни тартибсизликка солиб қўйишга» уринишлари муваффақиятсиз якунланди ва Молдова «Европа Иттифоқига яқинлашди», деб тушунтирди немис вазири.

«Молдова Россиянинг навбатдаги нишонига айланиши мумкин»

Шу билан бирга, Бербок Молдова учун энг катта таҳдид Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши бўлиб қолиши ва агар Россия бу мамлакатда ҳарбий муваффақиятга эришса, Молдова навбатдаги нишонга айланиши мумкинлигини таъкидлади. «Шунинг учун Украинани қўллаб-қувватлаш - Молдовани ҳам қўллаб-қувватлашдир», дея қўшимча қилди у.

«Молдовани қўллаб-қувватлаш платформаси» Германия ташаббуси билан 2022 йил апрел ойида Россиянинг Украинага кенг миқёсли ҳужумидан кейин яратилган. Унга Франция ва Руминия ҳам киради. 17 сентябр куни бўлиб ўтган музокаралар мавзулари Молдованинг иқтисодий ривожланиши ва энергия таъминоти, шунингдек, ушбу давлат томонидан амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар бўлди. «Молдова тарафдорлари конференцияси уни Россиянинг беқарорлаштиришга уринишларидан ҳимоя қилиш учун ташкил этилган», деди бир кун аввал Бербок.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид