14:07 / 13.10.2022
22809

Тошкентда «тез ёрдам» учун борган шифокор беморнинг ўғли томонидан калтакланди

Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги хонадонлардан бирида ўз хизмат вазифасини ўтаётган «Тез ёрдам» ходимига беморнинг яқини томонидан жароҳат етказилган. Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари бошланди.

Фото: ССВ матбуот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 12 октябрь куни Яккасарой туманининг Бобур кўчасида жойлашган хонадонларнинг биридан тез тиббий ёрдам хизматига чақириқ келиб тушган. Шундан сўнг шифокор Б.М. ва фельдшер аёл Ж.И.дан иборат «103» бригадаси чақириқ манзилига етиб бориб, бемор Б.Ж.га тиббий ёрдам кўрсатган.

Бироқ аҳволи ўта оғир бўлганлиги сабабли Б.Ж.ни зудлик билан шифохонага олиб кетишга қарор қилинган. ССВга кўра, беморни транспортировка қилиш чоғида унинг ўғли асосли сабаб бўлмасада, тиббий бригада ходимлари билан тортишиб, қўл кўтариш даражасигача борган.

«Оқибатда фельдшер Ж.И. кўкрак қафасига зарба олган ва аҳволи ёмонлашган. Шунга қарамай, тиббий бригада ўз хизмат бурчига масъулият билан ёндашиб, чақириқни якунлаган, яъни беморни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг қабул бўлимига олиб борган. Шундан сўнг «103» фельдшери Ж.И. мазкур шифохонанинг хирургия бўлими шок залига «Кўкрак қафасининг ёпиқ жароҳати» ташхиси билан ётқизилган.

Ҳозир фельдшер Ж.И. мазкур бўлимнинг интенсив палатасида тегишли даво муолажаларини олмоқда. Аҳволи ўрта оғирликда», - дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.

Шунингдек, вазирлик тиббиёт ходимларига нисбатан тажовузкор ҳаракатлар содир этилишига нисбатан доимо муросасиз муносабатда бўлишини, вазиятга қонун доирасида ҳуқуқий баҳо берилиши учун барча зарур чораларни кўришини билдирган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан юзасидан ички ишлар органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Суриштирув натижалари бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади. Суриштирув ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олинган» – дейилади расмий баёнотда.

Top