10:47 / 15.10.2022
25365

Путин Байден билан музокараларга эҳтиёж йўқлигини маълум қилди

Ҳозирда Россия ва АҚШ ўртасида «музокаралар учун платформа йўқ», деди Россия президенти. Унинг сўзларига кўра, урушда ҳар қандай қўшиннинг Украина томонида иштирок этиши фалокатга олиб келиши мумкин.

Фото: Reuters

Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Жозеф Байден билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказишга ҳожат йўқ, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда у 14 октябр, жума куни Остона шаҳрида Қозоғистонга сафари якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. «Ҳозирча ҳеч қандай музокаралар учун платформа йўқ», — деди Путин.

У, шунингдек, Индонезиядаги G20 саммитига сафари ҳақидаги қарор ҳали якуний қабул қилинмаганини айтди. Путиннинг сўзларига кўра, у G20 аъзоларининг баъзи етакчилари билан доимий алоқада бўлиб турибди, «АҚШ президенти билан эса бундай масалалар муҳокама қилинмаган». G20 саммити ноябрь ойи ўрталарида Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтади.

Украинадаги урушга тўхталар экан, Путин Украинага ҳар қандай қўшиннинг, жумладан, НАТО кучларининг киритилиши ва Россия армияси билан тўғридан тўғри тўқнашув «хавфли қадам ва глобал фалокатга олиб келиши мумкинлигини» айтди. «Умид қиламанки, бу ҳақда гапираётганлар бундай хавфли қадамлар қўймаслик учун етарлича ақлга эга бўладилар», деди у Украина урушда мағлубиятга учраган тақдирда НАТО қўшинлари ҳақидаги саволга жавоб бериб. «Бу ҳуқуқий техника масаласи. Украинанинг мағлубияти нима? Буни ҳар ким турлича тушуниши мумкин. 2014 йилда Қримнинг Россия субъектига айлангани мағлубиятми? Бу нима эканлигини тушунишингиз керак», — деди Путин.

Россиядаги сафарбарлик ҳақида гапирар экан, Путин уни ноябргача якунлашга ваъда берди. «Ўйлайманки, тахминан икки ҳафта ичида барча сафарбарлик тадбирлари якунланади», деди у. Россия президентининг сўзларига кўра, ҳозирда 300 000 кишидан 222 000 киши тузилма қўшинларига сафарбар этилган. Шунингдек, у ҳозирча қўшимча сафарбарлик бўлмаслигини билдирди: «Қўшимча ҳеч нарса режалаштирилмаган. Мудофаа вазирлигидан бу борада ҳеч қандай таклиф тушмаган, мен ҳам яқин вақт ичида ҳеч қандай зарурат кўрмаяпман». Путиннинг сўзларига кўра, сафарбарлик пайтидаги «англашилмовчилик» ўнлаб йиллар давомида янгиланмаган эски ҳисоб-китоб шакллари билан боғлиқ. Унинг қўшимча қилишича, ахборот базаси янгиланмоқда.

21 сентябр куни «қисман сафарбарлик»ни эълон қилар экан, Путин «талаб бўлган ҳарбий мутахассисликларга эга айрим тоифадаги фуқаролар»ни ҳарбий хизматга чақириш ҳақида гапирди. Путиннинг фармонида сафарбарлик ҳажми кўрсатилмаган, кейинроқ Мудофаа вазирлиги 300 минг кишини чақириш ниятида эканлигини маълум қилган.

Аслида, сафарбарлик оммавий бўлиб чиқди ва кўплаб қонунбузарликлар билан амалга оширилмоқда - одамлар ҳарбий ихтисослигидан қатъи назар чақирилмоқда, ҳарбий хизматни ўтамаганлар, сурункали касалликларга чалинганлар ҳам бор. Сафарбарлик бошланганидан бери уч ҳафта ичида йиғин пунктларида 20 га яқин одам ҳалок бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, сафарбар қилинганларнинг бир қисми ҳарбий тайёргарликдан ўтмаган ёки у жуда кам бўлган ҳолда фронтга жўнатилган. Россия ҳукумати Украинада сафарбар қилинган беш киши ҳалок бўлганини аллақачон тан олган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top