Жамият | 16:05 / 18.10.2022
26196
4 дақиқада ўқилади

Чала чизилган йўл чизиқлари: улар фақат камеранинг қоидабузарликларни қайд этиши учун керакми?

Ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги чорраҳаларга ўрнатилган айрим камералар қоидабузарликни қайд этиши учун фақатгина камера кўра оладиган масофада йўл чизиқлари чизиб чиқилгани, йўлнинг қолган қисмидаги ўчиб кетган чизиқлар янгиланганмагани акс этган суратлар тарқалди. Kun.uz йўл чизиқлари чала чизиб қўйилган жойларда бўлиб, жараённи яқиндан ўрганди.

Тошкентда йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд этиш учун янги камералар синовдан ўтказилаётгани ҳақида хабар бергандик. Янги камералар йўл чизиқларига риоя қилмаслик, тезликни ошириш, уяли телефондан фойдаланиш, хавфсизлик камаридан фойдаланмаслик билан боғлиқ қоидабузарликларни қайд этиб боради.

Интеллуктуал фото-видеони қайд этиш камераси Фото: Kun.uz

Йўл чизиқлари билан боғлиқ қоидабузарликларни қайд этиш ва жарима ёзиш учун камерада ушбу чизиқлар кўриниши керак. Аммо афсуски йўлларимизда бу масала рисоладагидек деб бўлмайди. Ҳатто пойтахт кўчаларининг аксариятида йўл чизиқлари кўринмайди, янгиланганлари ҳам узоққа бормайди. 

Ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги чорраҳаларга ўрнатилган айрим камералар қоидабузарликни қайд этиши учун фақатгина камера кўра оладиган масофада йўл чизиқлари чизиб чиқилгани, йўлнинг қолган қисмидаги ўчиб кетган чизиқлар янгиланганмагани акс этган суратлар тарқалди.

Шундай ҳолатлардан бири Чилонзор туманида Кичик ҳалқа йўли ва Тахтапул кўчаси кесишмасида аниқланди. Тасвирлардан кўриш мумкинки, йўл чизиқлари фақатгина камера кўра оладиган масофада чизиб чиқилган. Йўлнинг қолган қисмидаги йўл чизиқлари деярли кўринмайди, яъни эски ҳолатида қолган. Қарама-қарши йўналишда эса йўл чизиқлари умуман кўринмайди.

Кичик ҳалқа йўли ва Тахтапул кўчаси кесишмасидаги ҳолат Фото: Kun.uz

Чорраҳадаги чизиқларни кўриб улар камераларнинг қоидабузарликларни қайд этиши учунгина чизилган деган хулосага келиш мумкин.

Худди шундай ҳолатни пойтахтнинг Олмазор тумани Шифокор кўчасида ҳам учратдик. Аслида ушбу жараён акс этган сурат ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлганди. Чунки бу ерда ҳам йўл чизиқлари худди Чилонзордаги каби фақатгина камера кўра оладиган масофада чизиб қўйилган. Қолган қисмидаги чизиқлар эса ўчиб кетган.

Олмазор туманида 29-мактаб қаршисидаги ҳолат. Фото: Ижтимоий тармоқлар

Қолаверса, айнан шу чорраҳада йўлнинг биринчи йўлаги транспорт сиғадиган даража эмас. Боиси йўл четида машиналар қўйиб кетилган. Бу вазиятда биринчи йўлакда ҳаракатланиб келаётган транспорт сфетофорнинг қизил чироғида тўхташ арафасида қарама-қарши йўналиш билан ажратиб турувчи йўл чизиғини босишга мажбур бўлади. Бу вазиятда биринчи йўлакдаги автомашина қопқонга тушиши тайин. Бунинг олдини олиш учун эса чорраҳага яқин масофада автомобилларнинг тўхташини тақиқловчи йўл белгиси ўрнатилиши керак, назаримизда.

Ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъуллари билан боғландик. Маълум бўлишича, ушбу камералар шу жойга қоидабузарликларни қайд этиб борадиган видеокузатув мосламасини ўрнатиш ҳуқуқини ютиб олган тадбиркорлар томонидан ўрнатилган. Йўл чизиқлари ҳам камераларни ўрнатган жисмоний шахслар томонидан чизилган.

Пойтахтнинг бошқа туманларидаги кўчаларда ҳам ўчиб кетган йўл чизиқлари янгиланганмаганига оид кўплаб шикоятлар бор.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил феврал ойида селектор йиғилишида йўл белгиларини ишлаб чиқаришда «Ўзавтойўлбелги»нинг монополияси тугатилиши, кўчаларга светофор, ёритгичлар ўрнатиш, йўл белгилари ҳамда чизиқларини чизиш, пиёда ўтиш жойларини белгилашга масъул корхоналар ҳокимликлардан йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматларига ўтказилишини маълум қилганди.

Орадан саккиз ойдан кўпроқ вақт ўтаётган бўлса-да, кузатувларимиз йўл белгилари билан боғлиқ муаммолар бартараф этилмаётганини кўрсатмоқда. Шу сабабли Kun.uz мавзуга яна қайтади.

Мавзуга оид