Ўзбекистон | 09:47 / 20.10.2022
5293
2 дақиқада ўқилади

Бухорода хонадонда газ портлаши оқибатида 8 ёшли бола вафот этди

Ҳолатга газ плитасидан табиий газ сизиб чиққан хонада электр энергияси ёқилганлиги сабаб бўлган.

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятида газ портлаши оқибатида ёш бола вафот этгани ҳақида хабар тарқалди. Бухоро вилояти ИИБ ҳолат юзасидан расмий маълумот берди. 

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 16 октябрь куни соат 20.30ларда Қоракўл туманидаги Қуйи хўжалар қишлоғида яшовчи Н.Р. исмли фуқаронинг уйида ёнғин содир бўлган.

Суриштирув ишлари давомида ушбу хонадон ошхонасидаги газ плитасидан табиий газ сизиб чиқиши ҳамда қаровсиз қолдирилган 8 ва 4 ёшли икки нафар вояга етмаган фарзандлар томонидан электр чироғининг ёқилиши натижасида чақнаш содир бўлганлиги аниқланган. Оқибатда вояга етмаган ака-сингил Ж. ва Ш.С. тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Олиб борилган тиббий муолажаларга қарамай Ж.С. шифохонада вафот этган”, — дейилади ИИБ маълумотида.

Ҳолат юзасидан тегишли экспертизалар тайинланган ва Қоракўл туман ИИБ Тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Сурхондарё вилоятидаги хонадонлардан бирида ҳам газ портлаган ва хонадон эгаси ва унинг фарзанди турли даражада куйиш тан жароҳатини олганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид