Ўзбекистон | 09:52 / 20.10.2022
3859
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мактабларига Ҳиндистондан инглиз тили ўқитувчилари жалб қилиниши мумкин

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳадов Ҳайдаробод шаҳрида CfBT Education Service ва Telangana Academy for Skill and Knowledge ташкилотлари раҳбарлари билан учрашиб, таълим йўналишидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.

Фото: Dunyo

CfBT Education Service раҳбари Нети Сринивас Ўзбекистонда замонавий дарсликларга бўлган эҳтиёжни ўрганиш ва бу борада ҳамкорлик қилиш, тажрибали мутахассислар иштирокида ўқув курслари ташкил қилишга тайёрлигини билдирди.

Telanganа Academy for Skill and Knowledge компанияси раҳбари Срикант Синха компания Ҳиндистон бўйлаб касб коллежлари ва мактаб битирувчилари учун алоҳида саноат ва ижтимоий йўналишлар бўйича малака ошириш курсларини тақдим этиб келаётганини маълум қилди. Бу борада у ўзбекистонлик ёшлар учун тегишли йўналишларда курслар ташкил қилиш масаласини ўрганиб чиқишини билдирди.

Учрашувларда Ўзбекистон мактабларига малакали инглиз тили ўқитувчиларини жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида жорий йил ноябрь ойида мамлакатда бўлиб ўтиши кутилаётган ЮНЕСКО эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича II Бутунжаҳон конференцияси ҳақида хорижий ҳамкорларга маълумот тақдим этилди.

Мавзуга оид