13:01 / 20.10.2022
10948

Қурилиш вазирлиги: Назарбекдаги 23-боғча сифатсиз қурилган, у ерда болаларнинг қолиши нотўғри

Қурилиш вазирлигининг маълум қилишича, Назарбекдаги 23-боғча сифатсиз қурилгани учун 1 йилга етмай девор ҳамда поллари чиримоқда. Боғча инструментал кўрикдан ўтказилмагунча, унда демонтаж ва қайта тиклаш ишлари олиб борилмаслиги, у ерда болаларнинг қолиши нотўғри экани айтиляпти.

Фото: Kun.uz

Kun.uz 15 октябр куни Зангиотада янги қурилган, аммо 1 йилга ҳам етмай деворлари чўкиб, ўпирилиб кетган боғча ҳақида репортаж эълон қилган эди. Шу ҳолат юзасидан Қурилиш вазирлиги муносабат билдирди.

Қайд этилишича, бу мактабгача таълим муассасасида икки йил мобайнида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган бўлиб, 2021 йил сентябр ойида фойдаланишга топширилган.

“Ҳозирги кунда бинонинг болалар дам олиш хоналари, ҳожатхона, ҳамшира хонаси ва идиш ювиш хонаси деворларида ёрилиш ва чўкишлар пайдо бўлган. Ушбу хоналарнинг кафели, ёғоч полларида ҳам чўкишлар ҳамда чиришлар юзага келган. Бундан ташқари, бино ташқи деворларининг ички ва ташқи томонларида ёриқлар мавжуд. 

Оралиқ деворларининг пойдеворлари ва поллари остидаги тупроқни қатламма-қатлам зичлаб, қайта кўмиш ишлари(трамбовка) сифатсиз бажарилган. Бинонинг ички қисмидаги ичимлик ва оқова сув қувурларининг ёрилиши оқибатида қувурлардан сизиб чиққан сув оралиқ деворларнинг пойдеворлари остига кириши натижасида гурунтнинг ва пойдеворнинг чўкишига олиб келган. Шу сабабли ички оралиқ деворларда ёрилиш ва чўкишлар вужудга келган. Ушбу хоналардаги бажарилган ички оралиқ девор пойдеворлари ишчи лойиҳасида пойдевор чуқурлиги 600 мм деб берилган бўлиб, амалда 150-300 мм ўлчамларда бажарилган”, – дейилади вазирликнинг расмий изоҳида. 

Шунингдек, хабарда қўшимча қилинишича, ёғоч полларнинг чиришига ишлар лойиҳа асосида бажарилмагани, поллар чиришига қарши кимёвий антисептик ишлов берилмагани сабаб бўлган.

Тошкент вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясининг ходими Тоҳир Файзиевнинг Kun.uz сўрови бўйича берган маълумотига кўра, юқоридаги камчиликлар олдин ҳам кузатилган ва бинонинг қурилиши мобайнида, яъни 2018-2019-йилларда тегишли кўрсатмалар берилиб, сифатсиз бажарилган ишлар учун жами шартнома қиймати 2 млрд 998 млн 400 минг сўмдан 61 млн 450 минг сўми чегириб қолинган. Бу бўйича далолатнома ҳам расмийлаштирилиб, буюртмачига юборилган.

Шунингдек, вазирликнинг расмий изоҳида юқоридагиларни инобатга олиб, боғча инструментал техник кўрикдан ўтказилиши, унгача эса демонтаж ва қайта тиклаш ишлари вақтинча бажарилмаслиги тавсия қилинмоқда.

Тоҳир Файзиевнинг айтишича, айни вақт у ерда болаларнинг қолиши хавфсизлик нуқтайи назаридан нотўғри ҳисобланади.

Ҳозирча қурилишнинг кафолат муддати ва бугунги кундаги сифатсиз қурилиш учун пудратчига қандай чора кўрилиши бўйича аниқ маълумотлар мавжуд эмас.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин АОКАда ўтган матбуот анжуманида Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари боғчада тарбия олаётган болаларнинг хавфсизлиги таъминланганини, қолаверса, улар боғчанинг қурилиш бўлмаётган бошқа қисмига кўчириб ўтказилганини айтганди.

Top