Жаҳон | 21:20 / 22.10.2022
76472
2 дақиқада ўқилади

Хитой собиқ раисининг Коммунистик партия йиғилишидан чиқариб юборилишига изоҳ берилди

Фото: АFP

Хитойнинг собиқ раиси, Хитой Коммунистик партияси (ХКП) Марказий қўмитасининг собиқ бош котиби Ҳу Жинтао партия қурултойининг ёпилиш маросимини «ўзини ёмон ҳис қилгани» туфайли тарк этгани айтилди.

Хитойнинг «Синхуа» давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, жаноб Ху соғлиғидаги муаммо туфайли залдан олиб чиқилган.

«Ҳу Жинтао якуний йиғилишда қатнашишни талаб қилган, гарчи унга кучини тиклаб олиш учун вақт керак бўлса ҳам», — дейилади агентлик баёнотида.

«Йиғилишда у ўзини ёмон ҳис қилган, ходимлар унинг соғлиғидан хавотирланиб, дам олиш учун зал ёнидаги хонага кузатиб қўйишган. Ҳозир у анча яхши», - деб хабар берди «Синхуа».

Маросим залидан олинган видеога кўра, ходим 79 ёшли Ҳу Жинтаони қўлидан ушлаб олмоқчи бўлган, бироқ у бунга хоҳиш билдирмаган. Кейин ходим Ҳунинг қўлтиғидан ушлаб, икки қўли билан кўтармоқчи бўлади.

Шундан сўнг Ху амалдаги раис Си Жинпинг ва бош вазир Ли Кечианг билан бир дақиқача суҳбатлашди. Сўнгра уни залдан чиқариб юборишди.

Хитой оммавий ахборот воситаларида бу воқеа муҳокама қилинмади. Хитой ижтимоий тармоқларида эса бу воқеа цензурага учраган бўлиши мумкин.

Ҳу Жинтао 2002—2012 йилларда Хитой Коммунистик партияси марказий қўмитаси бош котиби, 2003—2013 йилларда эса Хитой Халқ Республикаси раиси лавозимларида ишлаган. Си Жинпинг иккала лавозимда ҳам унинг ўрнини эгаллади.

22 октябрь куни Хитой Коммунистик партиясининг (ХКП) XX миллий қурултойи ўз ишини якунлади. Унда, кутилганидек, ХКП Марказий қўмитаси бош котиби ва Хитой Халқ Республикаси раиси, 69 ёшли Си Жинпинг, учинчи муддатга қайта сайланди.

Мавзуга оид