Жамият | 19:35 / 27.10.2022
21652
4 дақиқада ўқилади

“Қамал қилинган” ҳовли. Наманганда “снос” муаммоси кўпаймоқда

Наманган шаҳрида кўп қаватли уй қурувчиси ва фуқаро ўртасида низо юзага келган. Қурувчи фуқаронинг уйи тагидан пойдевор чуқурини қазиган, оқибатда деворлар ёрилиб, уй яшаш учун хавфли ҳолатга келиб қолган. Мулкдор энди қурувчидан нафақат компенсация, балки маънавий зарар ҳам талаб қилмоқда.

Наманган шаҳри Ҳамроҳ кўчасидаги бир нечта уйлар 2018 йилда бузилган ва ўрнига кўп қаватли уй қуриляпти. Лекин бу ердаги хонадонлардан бири билан ҳалигача келишувга эришилмаган.

Натижада хонадонга жиддий зарар етган: уй деворига тақаб, пойдевор чуқури қазилган, оқибатда деворлар ва шифтлар ёрилиб, уй яшаш учун хавфли ҳолатга келиб қолган.

“Қайнимникида тўй эди. Уйда ҳеч ким йўқ эди. Келсак, деворларимизни бузиб ташлабди. Эшиклар катта очиқ. Ўша пайтда вилоят ҳокими шаҳар ҳокими эди. Шавкатжон Абдураззоқовга мурожаат қилдим. У киши менга уйни баҳолатишимни айтди. 316 миллионга баҳоланди. Бироқ қурувчи томонидан ўша пайтда бу пуллар тўлаб берилмади”, – дейди мулкдор Сарвар Юсупова.

У қурувчи томонидан босим бўлаётганини айтди: хонадон газ ва бошқа коммуникация тармоқларидан узиб қўйилган. Мулкдорнинг сўзларига кўра, 4 йил давомида фақат бир марта расман 400 миллион сўм миқдорида пул таклиф қилинган.

Сарвар Юсупова

“Яқинда суд бўлди. Судда қурувчининг вакили ўз оғзи билан 165 минг АҚШ долларига барака қилайлик деб айтди. Хўжайиним айтдики, сен қачонки пулни олдимга қўясан, шунда барака қиламан, сизларга ишонмайман, деди. Кейинги судда эса қурувчининг вакили мен унақа пулни беролмайман деди”, – дея қўшимча қилди мурожаатчи.

Қурилишни амалга ошираётган “White house building” МЧЖ раҳбари ва ягона таъсисчиси Абдулазиз Собитов мурожаатчининг сўзларини рад этди. У бир неча марта хонадонлар таклиф қилгани, уйга етказилган зарарга ҳам унинг алоқаси йўқлигини даъво қилди.

Абдулазиз Собитов

“Бузиш ишларидан кейин, қурилишни асосан 2020 йилдан бошлаганмиз. Ўша пайтда келишишга ҳаракат қилганмиз. Аммо иложи бўлмаган. 3-4 марта таклифлар берилган, бунинг видеоли асослари ҳам бор. Ўзлари ҳовли топишганида ҳам ҳал бўлаётганида рад этишди. Мақсадлари нима эканини билмайман. Биз қураётган кўп қаватли уйдаги ҳамма хонадонларни сотиб, тушган пулларни уларга берсак ҳам, улар сўраётган пулга етмайди”, – деди тадбиркор.

Вилоят қурилиш бошқармаси бўлим бошлиғи Музаффар Ортиқов ҳам ҳолатга изоҳ бериб, низога суд қарори билан ечим топилишини айтди.

Фуқаро томонидан тегишли ташкилотларга 30 дан ортиқ мурожаат йўлланган. Мурожаатларнинг аксариятида қурувчи томонидан унинг уйига зарар етказгани ва “снос” учун компенсация тўлаши кераклиги қайд этилган.

Фуқаро уйи ва унга етказилган моддий ва маънавий зарар учун 165 минг АҚШ доллари сўрамоқда. Қурувчи эса бозор шароитидан келиб чиқиб баҳолатилса, тўлов қилишга рози эканини айтяпти.

Охирги вақтларда Наманганда қурилишлар кўпайиши оқибатида, “снос” муаммоси юзасидан таҳририятимизга мурожаатлар ортиб бормоқда. Kun.uz муаммоларни ўрганишда давом этади.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид