Ўзбекистон | 08:42 / 27.10.2022
2709
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Марказий Осиёда озиқ-овқат тизими тўғрисида декларация қабул қилинди

Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси йиллик йиғилиши доирасида ўтказилган озиқ-овқат тизимларини трансформациялаш бўйича минтақавий халқаро конференция очилиш маросимида иштирок этди.

Фото: Dunyo

У кириш сўзида коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат таъминоти занжирлари узилиши билан боғлиқ вазият кичик уй хўжаликларидан тортиб йирик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат комплекслари ҳамда етказиб берувчи корхоналаргача бўлган барча даражадаги озиқ-овқат тизимлари аҳамияти ва ўзаро боғлиқлигини яна бир бор кўрсатганини таъкидлади.

Қишлоқ хўжалигини трансформациялаш шароитларида аҳоли кенг қатламларини арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Муаммо ечимларидан бири сифатида маҳсулот таннархи занжирида содир бўлаётган ўзгаришларни таҳлил қилувчи, жараёнлар ва маҳсулот таннархи ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва истеъмолчиларга таъсирини ўлчайдиган, нархлар ва бозорга етказиб бериладиган товарлар ҳажмлари барқарорлигини таъминлаш бўйича тезкор чоралар кўришга имкон берувчи тизимларни жорий қилишга қаратилган лойиҳаларга инвестицияни кенгайтириш таклиф этилди.

Барқарор озиқ-овқат тизимларини шакллантириш мақсадида самарали инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун минтақа ҳукуматлари ҳамда халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар даражасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш учун амалий чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилди.

Тадбир якунида иштирокчилар Марказий Осиёда озиқ-овқат тизимини жадал трансформациялаш тўғрисида аҳдлашув декларациясини қабул қилди.

Мавзуга оид