Ўзбекистон | 11:16 / 29.10.2022
8237
1 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда 11 гектар ерни 550 минг долларга сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

11,4 гектар ер майдонини 550 000 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Олмазор туман бўлими томонидан ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.

Унда, фуқаролар К.Б. ва Э.К. Бўстонлиқ тумани, “Ғазалкент” ҚФЙ ҳудудидан К.Б.га узоқ муддатга вақтинча фойдаланиш учун ажратилган жами 11,4 гектар боғдорчилик ер майдонини бошқа бир фуқаро Д.А.га фирибгарлик йўли билан 550 000 АҚШ долларига сотишга келишган.

Хабарда айтилишича, улар гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига олдиндан 50 000 АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид