15:53 / 01.11.2022
9569

12 турдаги ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар қандай ҳолатларда маъмурий жавобгарликдан озод этилиши маълум қилинди

Суд томонидан иш тугатилиши учун ҳуқуқбузар ўз айбига иқрор бўлиши, жабрланувчи билан ярашиши ва етказилган зарарни тўлаши талаб этилади.

Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидовга кўра, ярашганлиги муносабати билан шахсни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш асослари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-2-моддасида кўрсатилган. Ушбу моддада 12 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, суд уни маъмурий жавобгарликдан озод қилиб, ишни тугатиши мумкинлиги белгиланган.

Ушбу норма Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг:

  • 40-моддасида — туҳмат;
  • 41-моддасида — ҳақорат қилиш;
  • 45-моддасида — фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш;
  • 46-моддасида — фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш;
  • 46-1-моддасида — шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш;
  • 52-моддасида — енгил тан жароҳати етказиш;
  • 61-2-моддасида — мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш;
  • 104-моддасида — экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш;
  • 133-моддасида — транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши;
  • 134-моддасида — ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши;
  • 183-моддасида — майда безорилик;
  • 200-моддасида назарда тутилган ўзбошимчалик каби маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар бўйича ярашув шартлари бажарилган ҳолларда татбиқ этилиши мумкин.
Азиз Обидов Фото: АОКА

“Эслатиш жоизки, ушбу ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такроран содир этган шахс томонларнинг ярашганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилинмайди.

Илгари биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз вақтида жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳамда жабрланувчи билан ярашган тақдирда ҳам маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тартиби қонунчиликда мавжуд эмас эди.

Лекин ҳуқуқни қўллаш амалиётида эр-хотин, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билиш ва ҳамкасблар ўртасида келишмовчилик рўй бергандан сўнг ўзаро ярашиб, зарарлар қопланиб, ўрталарида адоват қолмаган ҳолатлар тез-тез учраб турар, аксарият ҳолларда тарафлар ярашган бўлса ҳам, ҳуқуқбузарлар маъмурий жазога тортилар эди. Табиийки, бу яқин инсонлар орасида адоват давом этишига, уларнинг муносабатларига совуқлик тушишига сабаб бўларди.

Эндиликда қонунчиликда ярашув институтининг жорий этилиши натижасида бу каби салбий оқибатларнинг олди олинади”, дейди Азиз Обидов.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 9 ойи мобайнида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 388 524 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш кўрилган бўлиб, уларнинг 40 117 таси тарафлар ярашуви муносабати билан тугатилган.

Top