Ўзбекистон | 23:11 / 01.11.2022
22976
4 дақиқада ўқилади

Бирйўла 4 та вазирга парламент сўрови юборилди

Депутатлар Бош вазир ўринбосари – туризм ва маданий мерос, инновацион ривожланиш, АКТ ва ички ишлар вазирларига парламент сўрови юбориш ҳақида қарор қабул қилишди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 1 ноябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлиси қарорига кўра 4 нафар вазирга парламент сўрови юборилади. Жумладан, Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовдан “Маданий мерос объектлари ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўровига жавоб бериш талаб этилади.

Ойдин Абдуллаева, депутат. Фото: Видеодан кадр

“Парламент сўровини тайёрлаш жараёнида ҳукумат томонидан маданий мерос объектлари ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш соҳасида чиқарилган қарорлар, президент фармонларида белгилаб берилган қатор вазифаларнинг бажарилиши ва умуман ҳозирги кунда долзарб бўлган маданий мерос объектларини сақлаш, муҳофаза қилиш борасидаги саволларни қўйганмиз”, дейди депутат Ойдин Абдуллаева.

Шу билан бирга, инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Қорақалпоғистон, Навоий ва Сирдарёда умумий қиймати 25,5 млрд сўм бўлган дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парклари, рақамли технологиялар ўқув марказларини янада ривожлантириш, шунингдек иқтидорли ёшларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” парламентга ҳисобот беради. Депутатлар бу борадаги қарорни бир овоздан маъқуллашди.

Вазирларга парламент сўрови юбориш ҳақидаги қарорлар учун берилган овозлар натижаси. Фото: Видеодан кадр

Бундан ташқари, ялпи мажлисда ички ишлар вазири П. Бобожоновга Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

“Бугунги кунда Жиноят кодексининг 40 дан ортиқ моддасида назарда тутилган жиноятлар бўйича шахс жабрланувчи билан ярашиш орқали жиноий жавобгарликдан озод бўлиш имконияти мавжуд. 2021 йил 4 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан 12 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳам ярашув институти жорий қилинганди.

Олий суд томонидан берилган маълумотга кўра, 2021 йилнинг октябрь-декабрь ойларида 10 минг 773 та иш бўйича 16 минг 720 нафар шахсга, 2022 йилнинг тўққиз ойида 34 минг 244 та иш бўйича 54 минг 970 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳуқуқбузар томонидан етказилган зарар қопланиб, жабрланувчи билан ярашгани муносабати билан тугатилган.

Мухтабар Ҳусанова, депутат. Фото: Видеодан кадр

Қонунга мувофиқ, ярашув институти бугунги кунда асосан ички ишлар органларига тааллуқли бўлган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар юзасидан қўлланмоқда. Бундан ташқари, бугунги кунда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти мавжуд эмаслиги айрим ҳолларда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига сабаб бўлмоқда, бунда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни тезроқ тугатиш мақсадида фуқароларни мажбурлаган ҳолда улардан ярашгани хусусида аризалар олиш ҳолатлари учрамоқда”, – дейди депутат Мухтабар Ҳусанова.

Мажлисда депутатларнинг таклиф ва мулоҳазаларидан келиб чиқиб, ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга ярашилгани муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилишга оид қонундаги нормаларнинг ижроси юзасидан парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

Мавзуга оид