2 август куни ўтказилган Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.
Сенатор Эркин Гадоевнинг маълум қилишича, айрим ҳудудлардаги инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солишда соҳага оид қонун ҳужжатларига тўла риоя қилинмаслиги, ноқонуний, айниқса, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларда ўзбошимчалик билан амалга оширилаётган қурилишлар ва умумий фойдаланиш жойларини тўсиб олиш каби ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар талаб даражасида эмас.
Шунингдек, халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларда қурилиш ишларини бошлашгача бўлган тайёргарлик жараёнида техник-иқтисодий асосларни тасдиқлаш ва молиялаштириш шартларини келишишдаги кечикиш ҳолатлари қурилиш ишларининг белгиланган муддатларда бошланишига тўсқинлик қиляпти.
Таъкидланишича, техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмаган, аниқ ҳисоб-китоби йўқ лойиҳаларга ташқи қарз жалб қилиш ҳолатлари мавжуд.
Хусусан, тиббиёт соҳасини ривожлантириш мақсадида жалб қилинган умумий қиймати 300 млн долларга тенг 3 та лойиҳа бўйича техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмагани сабабли халқаро молия институтлари маблағларидан бир йил ва ундан ортиқ муддатдан бери фойдаланилмасдан келинмоқда.
Масалан, 2024 йил майдаги қарз битимига асосан Тошкент шаҳрида 120 ўқув ўрнига эга бўлган қиймати 70 млн долларлик тиббиёт олий таълим масканини барпо этиш лойиҳалари бўйича техник-иқтисодий асос ҳанузгача ишлаб чиқилмаган.
Шунингдек, 2024 йил ва 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида кўп квартирали уйларнинг техник ҳолати билан боғлиқ 8 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари содир этилган. Шундан, 431 та таянч конструкциялар, 2,6 мингта тўсиқ конструкциялар бузилган, 3,3 мингдан ортиқ кўп квартирали уйларга туташ майдонларда ноқонуний қурилмалар қурилган, 1,8 мингдан ортиқ умумий фойдаланишдаги жойлар ўзбошимчалик билан тўсиб олинган.
Қурилиш ташкилотлари томонидан белгиланган қонун ва қоидаларга риоя этилмагани оқибатида 2024 йил ва 2025 йилнинг ўтган даври давомида ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки бошқа қурилмаларни бузишга доир фуқаролик судларида кўрилган 11 мингдан ортиқ ишдан 8,3 мингтаси (75 фоизи) қаноатлантирилиб, ноқонуний қурилмаларни бузиш тўғрисида суд қарорлари чиқарилган.
2023−2024 йилларда кўп квартирали уйлар қурилишида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишдан тортиб фойдаланишга топширишгача бўлган жараёнларда 5,5 мингта ҳолатда қонунчилик талаблари бузилган.







