08:17 / 01.11.2022
6582

Ереван ва Боку куч ишлатишдан тийилишга келишиб олди

Сочида Путин, Пашинян ва Алиев ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Ереван ва Боку куч ишлатишдан тийилишга келишиб олди. Ҳозирча тинчлик шартномаси мавжуд эмас. Якуний баёнотдан фикрларнинг бир қисми олиб ташланди.

Фото: EPA-EFE/SERGEJ BOBYLEV / KREMLIN POOL / SPUTNIK

Сочидаги музокаралар якунлари бўйича Арманистон ва Озарбойжон «куч қўллашдан ёки уни қўллаш таҳдидидан тийилишга келишиб олди». Бу ҳақда Кремль сайтида 31 октябр, душанба куни уч томонлама учрашувдан сўнг чоп этилган баёнотда айтилади. Унда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Россия президенти Владимир Путин иштирок этди.

Томонлар барча муаммоли масалаларни БМТ Низоми ва 1991 йилдаги Олмаота декларациясига мувофиқ суверенитет ва чегаралар дахлсизлигини ўзаро тан олиш асосида ҳал қилишга тайёр эканликларини маълум қилдилар.

Бундан ташқари, «минтақада барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун» Озарбойжон ва Арманистон ўртасида тинчлик шартномасини тузишга фаол тайёргарлик кўриш муҳимлигига эътибор қаратилди, дейилади Кремль матбуот хизмати хабарида.

Суҳбат чоғида Россия тинчликпарвар контингентининг уни жойлаштириш зонасида хавфсизликни таъминлаш ва минтақадаги вазиятни барқарорлаштиришга қўшган муҳим ҳиссаси қайд этилди. Икки томонлама ишончни мустаҳкамлаш мақсадида уч томонлама парламентлараро алоқаларни йўлга қўйишга қарор қилинди.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Сочида Боку ва Ереван ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашувига беш асосий тамойил асосида эришиш мумкинлиги ҳақида фикр билдирди.

Март ойида Боку Ереванга беш параметрдан иборат таклифлар киритган. Гап давлатлар томонидан суверенитетни ўзаро тан олиш, ҳудудий даъволар йўқлигини тасдиқлаш, куч ишлатиш таҳдидларидан воз кечиш, чегараларни белгилаш, транспорт ва бошқа алоқаларни қайта тиклаш ҳақида бормоқда.

«Менимча, шу асосда нормаллашувга эришиш мумкин», - деди Озарбойжон раҳбари.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян, ўз навбатида, шундай деди: «Мен яна бир бор таъкидламоқчиман - Тоғли Қорабоғ бўйича, Россия томонидан таклиф қилинган ёндашувлар, давлатлараро муносабатларни (Боку ва Ереван ўртасида) ўрнатишнинг асосий тамойиллари ва параметрлари биз учун мақбулдир».

Олдиндан экспертлар даражасида келишилган айрим нарсалар якуний ҳужжатга киритилмаган. Олдиндан тайёрланган матннинг баъзи бандлари олиб ташланди. Шу билан бирга, Путин агар бу масалалар «ҳали ҳал этилмаган бўлса», унинг фикрича, «матбуот эътиборини уларга қаратишнинг ҳожати йўқлигини» таъкидлади. «Биз фақат тинчгина ёпиқ эшиклар ортида келишув излашимиз керак. Бу жуда нозик нарсалар, ҳар икки томон учун ҳам нозик», - деди Россия раҳбари.

Музокаралар тахминан олти соат давом этди.

Top