Жаҳон | 23:42 / 03.11.2022
52135
2 дақиқада ўқилади

The Times Путинни Украинага бостириб киришга ундаган шахсларнинг исмини маълум қилди 

Шойгу юқори мартабали амалдорлар орасида шунчаки «иккиланиб турган» ижрочи бўлгани айтилди. 

Фото: AP

Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ва ФСБ директори Александр Бортников Россия президенти Владимир Путинни Украинага бостириб кириш зарурлигига ишонтирган, деб ёзди The Times Россия ҳукуматидаги манбага таяниб. 

Шунингдек, Путиннинг уруш бошлаш ҳақидаги қарорига Бортников ва Патрушевдан ташқари миллиардер Юрий Ковалчук ҳам таъсир кўрсатган. 

The Times Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг бу қарорда қандай рол бажарганига тўхталиб, уни шунчаки «иккиланиб турган» ижрочи деб номлайди. 

Бостириб кириш ташаббуси асосан кучишлатар блок вакилларидан чиққан. Шу билан бирга, Россия элитасининг аксарият қисми Путиннинг сўзларини «блеф» сифатида қабул қилиб, кенг кўламли уруш бошлаш режаларидан хабардор бўлмаган. 

Россия 24 феврал куни эрталаб Украина шаҳарларини бомбардимон қилиб, мамлакатга бостириб кирган эди. Путин Россия аҳолисига қилган мурожаатида урушни Украинани «денацификация» ва «демилитаризация» қилиш бўйича «махсус операция» деб атади. 

Баҳордаёқ рус қўшинлари Киев, Суми ва Чернигов вилоятларини тарк этишга мажбур бўлишди. Сентябрь ойида Украина Қуролли Кучларининг қарши ҳужуми пайтида руслар Харкив вилоятидан чекинишди. 

Ҳозирда Херсон, Луҳанск ва Донецк йўналишларида фаол жанглар давом этмоқда. Россия қуролли кучлари томонидан Беларусдан такрорий ҳужум бўлиши эҳтимоли бор. 

Мавзуга оид