Жаҳон | 21:06 / 03.10.2024
5222
2 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг Вуҳледар шаҳри эгалланганини эълон қилди

Шаҳар «Восток» қўшинлари гуруҳи бўлинмалари томонидан назоратга олингани таъкидланмоқда.

Фото: AP

Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг Донецк областидаги Вуҳледар шаҳри қўлга олинганини расман эълон қилди.

Департаментнинг қўшимча қилишича, шаҳар «Восток» қўшинлари гуруҳи бўлинмалари томонидан назоратга олинган.

Донецк областининг жануби-ғарбида жойлашган Вуҳледар шаҳри учун жанглар 2022 йил март ойи охиридан бери давом этаётган эди. Унинг қўлга олингани ҳақида ҳафта бошида россиялик «ҳарбий мухбирлар» ва Z-блогерлар хабар беришди. Рус қўшинлари 1 октябрда шаҳарни деярли тўлиқ ўраб олишди, Донецк области ҳарбий бошқармаси бошлиғи Вадим Филашкин рус армияси Вуҳледар марказига кирганини эълон қилди. 2 октябр куни Украина Қуролли кучларининг «Хортиця» тезкор-стратегик гуруҳи қўмондонлиги Украина қўшинлари шаҳардан олиб чиқиб кетилганини эълон қилди.

Украина президенти Володимир Зеленский 3 октябр куни Киевда НАТО бош котиби Марк Рютте билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида илк бор Украина Қуролли кучлари бўлинмаларининг Вуҳледардан олиб чиқиб кетилишига изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, Россия Украина Қуролли кучларининг «позицияларини йўқ қилмоқда», уларнинг жангчилари «жон сақлаб қолиши керак, чунки улар ҳар қандай ўзгаришлардан кўра муҳимроқдир».

Вуҳледар Донбасснинг жанубий қисмидаги логистика мудофаа марказларига яқин муҳим истеҳком эди. Унинг қўлга олиниши Донбассдаги Украина мудофаасига бевосита таҳдид солмаса ҳам, узоқ муддатда Украина Қуролли Кучлари учун даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Мавзуга оид