Ўзбекистон | 21:25 / 07.11.2022
12803
1 дақиқада ўқилади

Тошкент метрополитенида носозлик рўй берди (видео)

Тошкент метросида бир томон йўналиши тўхтаб қолди. Интернетда метро вагонлари тўхтаб тургани ва йўловчилар улардан чиқарилгани акс этган видеолар тарқалди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

7 ноябрь куни Тошкент метрополитени «Чилонзор» йўналиши Сергели йўлининг 5-бекатида носозлик юзага келиши оқибатида поездлар бир томонлама ҳаракатни амалга оширди. Бу ҳолат юзасидан метрополитен ахборот хизмати изоҳ берди.

Маълум қилинишича, соат 19:10 да поезд ҳаракат йўлида техник носозлик ҳолати кузатилган, бунинг оқибатида бекатда бўлган 17-сонли ҳаракат таркиби ҳаракатлана олмаган ҳамда ушбу йўлда йўловчилар ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳаракат вақтинчалик тўхтатилган.

Ушбу вақт оралиғида «Буюк Ипак йўли» ҳамда «Олмазор» бекатлари оралиғида поездлар жадвал асосида ҳаракатланган.

«Олмазор» ҳамда Сергели йўли 5-бекат оралиғида ушбу носозлик ҳолати тузатилгунга қадар бир томонлама ҳаракат амалга оширилган. Соат 19:37 да кузатилган носозлик мутахассислар томонидан бартараф этилган ва поездлар ҳаракатлана бошлаган. Ҳозирда барча поездлар белгиланган жадвал асосида ҳаракатланмоқда.