19:02 / 07.11.2022
10261

Европа Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва демократия таъминланишидан қандай манфаатдор? — Камолиддин Раббимов билан суҳбат

Асрлар давомида Ғарбда шаклланган тафаккурга кўра, қаерда инсон ҳуқуқлари, демократия ва ҳуқуқий давлатчилик бўлмас экан, у ерда барқарорлик бўлмайди ва у ерга инвестиция киритиб бўлмайди. Қачонлардир юзага келадиган ижтимоий портлаш ва сиёсий инқирозлар оқибатида юз минглаб қочоқлар Европа иттифоқига боради деган тушунча мавжуд, дейди сиёсатшунос.

Сўнгги вақтларда Европа ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларда жонланиш кузатиляпти. Kun.uz мухбири ушбу мавзу юзасидан сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.

Октябр ойи охирида Тошкентга келган Европа кенгаши раиси Шарл Мишел ташрифи давомида президент Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашди. Учрашувда Ўзбекистонда сўз ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, бу борада қилинаётган ишлар ҳақида ҳам музокаралар олиб борилган. Европа давлатлари Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва демократик институтлар фаол бўлишидан қандай манфаатдор?

— Бу ерда бир неча муҳим нуқталар бор. 90-йилларда Коллектив Ғарб томонидан инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш ва уни талаб қилиш даражаси жуда юқори эди. 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин айниқса, мусулмон давлатларда ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлаш даражаси анчагина пастга тушди.

Кичик Жорж Буш президентлиги даврида инсон ҳуқуқлари эмас, хавфсизлик ҳамда терроризмга қарши курашиш муҳим деган концепция жуда юқорига олиб чиқилди. Ғарбдаги баъзи сиёсий тафаккур мактабларига кўра, мусулмон дунёсида инсон ҳуқуқлари ва демократия таъминланиши сиёсий Ислом кучайиб кетишига сабаб бўлади. Шунинг учун мусулмон дунёсида демократияни қўллаб-қувватлаш керак эмас, деган тушунча мавжуд.

Лекин Ғарбдаги асосий сиёсий кучлар у ёки бу шаклда доим инсон ҳуқуқлари, демократия ва ҳуқуқий давлатчиликни қўллаб-қувватлайди. Сабаби Ғарбда асрлар давомида шаклланган тафаккурга кўра, қаерда инсон ҳуқуқлари, демократия ва ҳуқуқий давлатчилик бўлмас экан, у ерда барқарорлик бўлмайди. У ерга инвестиция киритиб бўлмайди. Эртами-кечми ижтимоий портлаш юзага келади ҳамда сиёсий инқироз юзага келади. Бунинг натижасида камида юз минглаб, балки миллионлаб қочқинлар айнан Европа Иттифоқига боради деган тушунча мавжуд.

Инсон ҳуқуқлари бир тизим сифатида ҳар бир инсонни биринчи бўлиб ташвишга соладиган ва энг кўп безовта қиладиган муаммоларни айтиш ҳуқуқини беради. Чунки инсон дунёқараши ва ички кечинмаларини сўз орқали ифода қилади, бу – сўз эркинлиги дегани. Жамиятда жабр-зулмлар бўлмаслиги учун демократия бўлиши керак. Тарихан демократиянинг энг қудратли тарафи ҳокимиятни талафотларсиз, урушларсиз ва қон тўкмасдан туриб, вақти-вақти билан алмаштириб туришни кўзда тутади. Демократия шундай тизимки, кўпгина нуқсонлари бўлишига қарамасдан, агар ундан тўғри фойдаланилса, барқарорликни ундан кучлироқ таъминловчи тизим ҳали шакллангани йўқ.

Шунинг учун ҳам Ғарбнинг кўплаб мамлакатлари ва қудратли давлатлар демократияни қўллаб-қувватлайди. Бир томондан бу хавфсизлик ва барқарорликни англатади, иккинчи томондан бемалол ҳамкорлик қилиш ва инвестициялар киритилганда ўша инвестицияларни ҳимоя қилиш. Демократия ўша давлат учун ҳам, ташқи дунё учун ҳам энг оптимал тизим ҳисобланади.

Демак, биздаги демократиядан аввало, уларнинг ўзлари ҳам манфаатдор, шундайми?

— Ўзларининг ҳам манфаати бор. Биласизми, бу ерда манфаатларни ажратиб бўлмайди. Демократик давлатлар бир-бири билан зиддиятлашиб қолиши мумкин, лекин ҳеч қачон бир-бири билан уришмайди. Айтайлик, АҚШ ва Франция келишмай қолиши мумкин. Лекин бу жамиятлар ва миллатлар бир-бирлари билан уришмайди.

Агар ҳокимиятларда ультрамиллатчилар, национализм ва фашизм бўлганидагина давлатлар ўртасидаги бу зиддият уруш даражасига етиб бориши мумкин. Демократик институтлар ва механизмлар урушларни тинч йўл билан ҳал қилиш имконини беради. Агар Россияда демократия бўлганда эди, албатта Украина билан уруш бўлмасди. Ҳокимиятда 20 йилдан ортиқ вақтдан бери қолаётган Путин учун уруш унинг манфаатларига тўғри келди ва бу уруш бошланди.

Тўлиқ интервью билан юқоридаги видеода танишиш мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди,
Тасвирчи ва монтаж устаси: Абдуқодир Тўлқинов.

Top