Жаҳон | 00:02 / 23.03.2024
4050
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Навалний ўлими муносабати билан янги санкцияларни жорий қилди

Санкция киритилганлар орасида жазони ўташ колониялари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ва судялар бор.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг ўлими муносабати билан расман шахсий санкциялар жорий қилди. Санкциялар, хусусан, у жазони ўтаган ИК-3 ва ИК-6 ахлоқ тузатиш колониялари ҳамда судялар ва колония бошлиқларидан иборат 30 дан ортиқ шахсни ўз ичига олади.

«Иккала колония ҳам маҳбусларга нисбатан жисмоний ва руҳий босим, тўлиқ изоляция, қийноқ ва зўравонлик қўллаш билан машҳур», дейилади ЕИ Кенгаши баёнотида.

«Иккала жойда ҳам колония маъмурияти Алексей Навалнийга нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилган, жумладан, уни қайта-қайта бир кишилик камерада сақлаган, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муносабатда бўлган, бу эса унинг соғлиғининг жиддий ёмонлашишига олиб келган».

Санкция киритилганлар орасида ИК-3 раҳбари Вадим Калинин ва колония бошлиқларининг турли ўринбосарлари ҳам бор. Шунингдек, Москва шаҳар суди судяси Андрей Суворов ҳам бор, у Навалнийни «экстремистик жамият» ташкил этганликда айблаб, махсус режимли колонияга 19 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Навалний ва бошқаларга нисбатан бир қатор қарорлар қабул қилган Москванинг Басманний тумани судялари Евгения Николаева ва Наталя Дударга нисбатан ҳам санкциялар қўлланилмоқда.

Санкция режимига киритилган шахсларнинг активлари музлатиб қўйилади, уларга бевосита ёки билвосита ёки уларнинг манфаати учун маблағлар ёки иқтисодий ресурслар ўтказиш тақиқланади. Бундан ташқари, санаб ўтилган шахсларнинг Европа Иттифоқига кириши тақиқланади.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел санкцияларга изоҳ берди:

«Кремл режими томонидан Алексей Навалнийнинг аста-секин ўлдирилиши унинг инсон ҳаётига тўлиқ беэътибор эканлигидан далолат беради. Бугунги санкциялар Россия сиёсий раҳбарияти ва расмийларини Россияда давом этаётган инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жавобгарликка тортиш қатъиятимизни кўрсатади. Шу билан бирга биз биламизки, Путин Россия эмас, Россия ҳам Путин эмас. Биз Россия фуқаролик жамияти ва мустақил овозларини қўллаб-қувватлашда давом этамиз».

Мавзуга оид