Жаҳон | 07:37 / 08.11.2022
16049
4 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги вакили Конашенковнинг уйи ҳақидаги маълумотлар махфийлаштирилди

Росреестр Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Игор Конашенков ва унинг қизига тегишли квартира эгаси ҳақидаги маълумотларни яширди. Москва марказидаги уй-жой нархи 70 миллион рублга баҳоланмоқда.

Вадим Савицкий/РИА Новости

Давлат рўйхатидан ўтказиш, кадастр ва картография федерал хизмати (Росреестр) Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили, генерал-лейтенант, ҳар куни Россиянинг Украинага қарши урушидаги ҳарбий ҳаракатлар курси борасида расмий ҳисоботларни тақдим этувчи Игор Конашенковга тегишли бўлган квартиранинг эгаси ҳақидаги маълумотларни ўчириб ташлади. 7 ноябрь, душанба куни The Insider интернет-нашри ва "Можем объяснить" Telegram канали Росреестр маълумотлар базасидаги ўзгаришларга эътибор қаратди.

Гап Москвадаги «Смоленская» метро бекати ва Арбат кўчаси яқинида жойлашган Ружейний кўчасидаги «Смоленская Застава» элит турар жой мажмуасидаги 96 метрли квартира ҳақида кетяпти. Аввалроқ, кўчмас мулк Delivery Club хизмати маълумотлар базасида мижозлар маълумотларининг сизиб чиқиши туфайли журналистларнинг эътиборини тортганди - генералнинг қизи Арина ушбу манзилга бир неча бор овқат буюртма қилгани маълум бўлди.

Росреестрдан олинган кўчирмага кўра, 2015 йилдан буён ушбу манзилдаги квартира «Россия Федерацияси»га тегишли - аниқроғи, икки хил «Россия Федерацияси» иккита умумий мулкдор сифатида белгиланган. Суриштирувчилар квартиранинг майдони тўғрисидаги маълумотларни Конашенковнинг ўзи 2015 йилдан бери декларациясида кўрсатган маълумотлар билан солиштирди, улар давлат тизимидан олинган кўчирма билан тўлиқ мос келади. Мудофаа вазирлиги матбуот котибининг декларацияларида манзил кўрсатилмаган, бироқ унинг қизи билан бирга квартира эгаси эканлиги қайд этилган.

Журналистлар генерал Конашенковнинг квартираси нархини 70-90 миллион рублга баҳоламоқда ва уни сотиб олишдан олдин у бир йил давомида расман бор-йўғи 4,1 миллион рубль ишлаб топганини таъкидламоқда. Уй-жойнинг ўзи, 2015 йилда мулкчилик ўзгаришидан олдин, Россия Мудофаа вазирлигининг «Мулк муносабатлари бўйича махсус ҳудудий бошқармаси» назорати остида бўлган.

Июнь ойи охирида «Проект» нашри Игор Конашенков бир неча бор Украинанинг бир хил аҳоли пунктлари эгаллаб олингани ва қуролли кучлар ихтиёридагидан кўра кўпроқ техника ва одамларнинг йўқ қилингани ҳақида хабар берганига эътибор қаратганди.

Шундай қилиб, Конашенков Луҳанскдан 95 км шимоли-ғарбда жойлашган Кременная шаҳрини қўлга киритилганини тўрт марта эълон қилди, генералнинг сўзларига кўра, Bayraktar дронлари ёзда Туркиядан Украинага расмий равишда етказиб берилганидан икки баробар кўпроқ йўқ қилинган. Вазирлик ҳисоботларидаги сезиларли номувофиқликларга қарамай, Россия президенти Владимир Путин июнь ойида Игор Конашенковга генерал-лейтенант унвонини берди.

Ноябрь ойи бошида Росреестр Украинадаги Россия қўшинлари гуруҳининг янги қўмондони генерал Сергей Суровикин оиласининг кўчмас мулки ҳақидаги маълумотларни яширгани маълум бўлди. Бу генералнинг мулки бўйича тергов эълон қилинганидан кўп ўтмай содир бўлди, унга кўра Суровикинлар оиласи 126 миллион рублдан ортиқ кўчмас мулкка эга.

Бунгача россиялик мухолифатчи Алексей Навалний жамоаси Россия мудофаа вазири ўринбосари Руслан Цаликовнинг оиласи 4,3 миллиард рубллик кўчмас мулкка эга эканлигини аниқлаган эди. Ушбу объектларнинг бир қисмининг эгаси «Россия Федерацияси» деб кўрсатилган.

Худди шу маълумотлар бир вақтнинг ўзида бир нечта ФХХ зобитлари эгаларининг исмлари ўрнига пайдо бўла бошлади, Навалний жамоаси уларни мухолифатчи устидан жосуслик ва унинг заҳарланишига алоқадорликда гумон қиляпти. Бундан олдин Росреестр Давлат думаси депутати Валентина Терешкованинг кўчмас мулки ҳақидаги маълумотларни яширганди, у 2020 йил март ойида Россия Конституциясига Путиннинг президентлик муддатини «бекор қилувчи» ўзгартириш киритишни таклиф қилган.

Мавзуга оид