Саида Мирзиёева: “Ўқитувчиларга текин хизматкор сифатида қарашга барҳам беришимиз шарт”
Саида Мирзиёева мактаб ўқитувчиларини ҳали ҳам мажбурий равишда ўзларининг хизмат вазифаларига кирмайдиган турли ишларга жалб этилаётганига оид ҳолатларга муносабат билдираркан, мутасаддиларни ўқитувчиларга ноқонуний вазифалар юклашни бас қилишга чақирди.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева айрим мутасаддилар томонидан ўқитувчиларга нисбатан бўлаётган муносабатни қоралади.
“Ўқитувчиларни худди йигирма йил олдинги каби яна хонадонларни айланиб чиқишга ва ўқувчилар рўйхатини тузишга мажбур қилишаётгани ҳақида эшитиб, жуда хафа бўлдим.
Мен ўқитувчиларга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш ўта зарур деб ҳисоблайман ва мутасаддилардан уларнинг зиммасига кераксиз ва ноқонуний вазифалар юклашни бас қилишларини сўраб қоламан.
Ўқитувчиларнинг асосий вазифаси — фарзандларимизга билим бериш орқали мамлакатимиз келажагини таъминлашдир.Бунинг ўзи жуда мураккаб вазифа. Таълим йўналишида шундоқ ҳам муаммолар ғиж-ғиж бўлиб турганида, устига-устак ўқитувчилар гарданига яна қандайдир қўшимча вазифалар юклаш — бу энди ортиқча.
Ўқитувчиларни ортиқча ишларга мажбур қилиш нафақат мактабга, балки Ўзбекистон келажагига ҳам зарар етказади.
Мен барча масъул шахслардан ушбу муаммони имкон қадар тезроқ ҳал қилиш ва ўқитувчилардан дарс беришдан бошқа барча вазифаларни озод қилишини сўрайман.
Ҳозир мамлакатимизда таълим биринчи рақамли устувор масаладир. Биз ўқитувчиларга текин хизматкор ходим сифатида қарашга барҳам беришимиз шарт. Улар жамиятнинг энг ҳурматли ва ардоқли қатламига айланиши, бунинг учун барча бирдек ҳаракат қилиши зарур деб ҳисоблайман. Зеро фақат таълим, фақат ўқитувчилар ёрдамидагина биз тараққиётга эриша оламиз. Фарзандларимиз келажаги уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун ҳам устозларимизни эъзозлашимиз шарт!” дейди Саида Мирзиёева.
Мавзуга оид
07:03
Саида Мирзиёева талабалар билан учрашди
23:45 / 08.11.2024
“Агар журналист ҳақ бўлса, биз уни тан олишимиз керак” – президент
18:37 / 30.10.2024
Саида Мирзиёева Fashion Trust Arabia тақдирлаш маросимида иштирок этди
20:53 / 28.10.2024