10:49 / 11.11.2022
4167

Мирзиёев ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумни ўтказишни таклиф этди

ТДТ саммитида чиқиш қилаётган Ш.Мирзиёев ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдонинг атиги 4 фоизини ташкил этиб, қолгани учинчи давлатлар улушига тўғри келишини таъкидлади ва бундай ҳолат ҳеч кимни қониқтирмаслигига урғу берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Давлатларимиз орасида айрим импорт божхона тарифлари ҳам юқори бўлиб қолмоқда. Бу стратегик йўналишда вазиятни тубдан ўзгартириш, савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун, Ташкилотимиз доирасида «Янги иқтисодий имкониятлар ҳудудини»ни барпо этиш ташаббусини илгари сурамиз», — деди Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев Ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳамда дунё етакчи бизнес вакилларини кенг жалб қилган ҳолда, ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумни ўтказишни таклиф этди.

«Биз Қўшма инвестиция фондини ишга тушириш таклифини ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Транскаспий халқаро коридори ҳақида кўп гапиряпмиз, аммо сезиларли натижаларга эришиш учун анча ишлар қилишимиз керак. Мисол учун: Ўзбекистон ушбу транспорт йўлаги орқали 10 фоиз ташқи савдо юкларини ташимоқда», — деди Мирзиёев.

«Туркия ва Ўзбекистон ўртасида яқинда жорий этилган авто-транспорт электрон рухсатномалари алмашиш тизимига Ташкилотимиз давлатларини ҳам қўшилишга чақирамиз», — Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев келгуси йили юртимизда Туркий дунё ёшларининг илм ва инновациялар халқаро конгрессини ўтказишни таклиф қилди.

«Мен бугун Ўзбекистоннинг Туркий маданият халқаро ташкилотига тўлақонли аъзо бўлганини эълон қилишдан мамнунман.Ўзининг 30 йиллигини нишонлаётган ташкилот доирасида келгуси йили Туркий халқлар маданияти фестивалини ўтказиш таклифини тўлиқ маъқуллаймиз», — деди Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни ҳар йили бериб боришни таклиф этди.

Мавзу
Самарқандда Туркий давлатлар саммити
11 ноябр куни Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши ташкиллаштирилди.
Барчаси
Top