Жаҳон | 16:00 / 14.11.2022
12814
3 дақиқада ўқилади

Россия: Қозоғистон Хитой ва бошқа мамлакатларга ғалла етказиб беришни тўсиб қўйди

Фото: Picture Alliance

Россия темир йўллари Қозоғистондаги ҳамкасбларидан ғаллани транзит ташиш нархини пасайтиришни сўраяпти. Ҳозир Россиядан Марказий Осиё ва Хитойга етказиб бериш «иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас» бўлиб қолгани айтилади.

«Россия темирйўллари» («РЖД») қозоғистонлик ҳамкасбларидан мамлакат бўйлаб транзит ташиш тарифларини пасайтиришни сўради. Қозоғистон орқали Россия, хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитойга ғалла экспорт қилади. Бу ҳақда 13 ноябрь, якшанба куни «Ведомости» ишбилармонлик газетаси «Россия темир йўллари»даги манбаларга ва Россия дон иттифоқи (РДИ) вице-президенти Александр Корбутга таяниб хабар берди. 

«Ведомости» нашрининг ёзишича, «РЖД» компанияси «Қозоғистон темир йўллари»га сентябрь ойида тўловни камайтириш таклифи билан хат йўллаган, бироқ ўшандан буён ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. 8 ноябрь куни, нашрнинг таъкидлашича, тарифлар «РЖД»нинг «Единая Россия» депутатлари билан ёпиқ йиғилишида муҳокама қилинган. 

Россия ҳудуди орқали ғалла ташиш Қозоғистон ҳудуди орқали ташишга қараганда бир неча баравар арзон. «Бу транзит тарифининг Швейцария франкига боғлангани билан боғлиқ», деб тушунтирди «Ведомости»нинг «РЖД»даги манбаси. Унинг сўзларига кўра, ҳозир Россия ғалласи Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Хитойга етказиб берилмаяпти, Афғонистонга экспорт қилишда ҳам қийинчиликлар юзага келган. 

«Аслида, Марказий Осиё мамлакатларига йирик ҳажмдаги етказиб бериш Россия учун худди Қозоғистон орқали Хитойга транзит каби тўсиб қўйилган», - дейди Александр Корбут. Юқори тарифлар ғалла ташишни «иқтисодий жиҳатдан фойдасиз» қилиб қўяди ва Қозоғистонга Россия ғалласини реэкспорт қилиш имконини беради, дея қўшимча қилди у. «РЖД»дан таъкидланишича, Украинада уруш бошланганидан кейин кўплаб давлатлар томонидан киритилган санкциялар доирасида Қозоғистон орқали транзит Россия учун зарур йўналишга айланди.

Мавзуга оид